Ўзбекистон делегацияси Хитойнинг етакчи тиббиёт марказларида учрашувлар ўтказди
Апрель 12, 2026. 11:22 • 2 дақ
• 70
ПЕКИН, 12 апрель. /“Дунё” АА/. Республика ихтисослаштирилган кардиология илмий-амалий тиббиёт маркази ҳамда ихтисослаштирилган педиатрия илмий-амалий тиббиёт маркази делегацияси Хитойга ташриф буюрди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Ташриф доирасида мамлакатимизнинг Пекиндаги элчихонаси кўмагида Хитой тиббиёт фанлари академиясига қарашли “Фувай” тиббиёт марказида учрашув ўтказилди.
Унда кардиология ҳамда педиатрия соҳаларида ўзаро ҳамкорликни ривожлантириш, тажриба алмашиш ва икки томонлама алоқаларни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.
Мулоқот чоғида “Хорижий хитойликлар хайрия жамғармаси” раҳбарияти билан тиббиёт соҳасида амалий ҳамкорликни янада ривожлантиришнинг истиқболли йўналишлари юзасидан фикр алмашди.
Учрашув якунида мазкур ташкилот томонидан Республика ихтисослаштирилган кардиология илмий-амалий тиббиёт марказига кўчувчи жаррохлик автомобилини гуманитар ёрдам сифатида тақдим этиш бўйича битим имзоланди.
Делегация “Фувай” шифохонасининг Юньнань провинциясидаги тиббиёт марказида қўлланилаётган жарроҳлик ускуналаридан фойдаланиш амалиёти билан танишиш мақсадида Куньмин шаҳрига жўнаб кетди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси