Ўзбекистон элчиси Тулада ўқиётган ватандош талабалар билан суҳбатлашди
Март 31, 2026. 09:30 • 2 дақ
• 51
ТУЛА, 30 март. /“Дунё” АА/. Юртимизнинг Россиядаги элчиси Ботиржон Асадов бошчилигидаги делегация Лев Толстой номидаги Тула давлат педагогика университетида бўлди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Элчи ташриф доирасида университет ректори Константин Подрезов ҳамда ушбу таълим даргоҳида таҳсил олаётган ватандош талабалар билан суҳбатлашди.
Учрашувда дипломат талабаларнинг саволларига батафсил жавоб берди. Саволлар асосан олий ўқув юртлари битирувчиларининг ишга жойлашиш масаласи, амалиёт ўташ жараёни, ҳамда турли лойиҳаларда иштирок этиш билан боғлиқ бўлди.
Университет ректори Ўзбекистон раҳбариятига Россия билан таълим соҳасида узоқ вақтдан бери олиб борилаётган кенг кўламли ҳамкорлик учун миннатдорлик билдирди.
Халқаро ҳамкорлик ва таълим бўйича проректор Жанна Фомичеванинг сўзларига кўра, Тула ва Ўзбекистон профессионал ҳамжамиятининг конструктив ҳамкорлиги Россия делегациясининг 2018 йилда Тошкентда бўлиб ўтган “Янги кадрлар – янги иқтисодиёт учун” форумидан сўнг янада кенгайди.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, Россия томони ҳозирда Ўзбекистоннинг еттита университети билан ҳамкорлик тўғрисида битим имзолаган. Бу борада самарали таълим амалиётлари билан доимий алмашинув амалга оширилаётгани, малака ошириш курслари ўтказилаётгани қайд этилди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси