Logo

“Target” журнали: 2025 йилда 12 миллион сайёҳ – Ўзбекистон туризмда янги босқичга чиқмоқда

Март 31, 2026. 10:05 • 2 дақ

85
“Target” журнали: 2025 йилда 12 миллион сайёҳ – Ўзбекистон туризмда янги босқичга чиқмоқда

ПЕКИН, 31 март. /“Дунё” АА/. Хитойда чоп этиладиган оммабоп “Target” туристик журналида Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги нуфузига бағишланган мақола эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Мақолада ёзилишича, Ўзбекистон сўнгги йилларда туризм соҳасида барқарор ўсишни намойиш этмоқда. 2025 йил якунларига кўра, мамлакатга қарийб 12 миллион нафар хорижий сайёҳ ташриф буюрган. Бу ўтган йилга нисбатан 16 фоизга кўпдир.

Шу билан бирга, туризм хизматлари экспорти 4,8 миллиард АҚШ долларидан ошган. Бу эса Ўзбекистонга бўлган қизиқиш ортиб бораётганини ва мамлакат минтақадаги энг жозибадор сайёҳлик йўналишларидан бирига айланаётганини кўрсатади.

Бундай натижаларга тизимли ислоҳотлар туфайли эришилган. Хусусан, инфратузилма яхшиланмоқда, транспорт имкониятлари кенгаймоқда, хизматлар рақамлаштирилмоқда ва сайёҳлар учун қулай шароитлар яратилмоқда.

Бугунги кунда мамлакатда туристик кластерларни ривожлантириш, хизмат сифатини ошириш ва халқаро ҳамкорликни кучайтириш бўйича йирик лойиҳалар амалга оширилмоқда.

Шунингдек ўқинг

Хитой нашри Ўзбекистонда жорий этилган соддалаштирилган виза тизимига ҳам алоҳида эътибор қаратган. Ҳозирда 94 та давлат фуқаролари учун визасиз тартиб амал қилади, 52 та мамлакат фуқаролари электрон виза орқали кириши мумкин, яна 45 та давлат учун эса 5 кунлик транзит визаси жорий этилган.

Мақолада таъкидланишича, Ўзбекистон барча миллат ва дин вакиллари учун очиқ, тинч ва меҳмондўст мамлакат ҳисобланади. Халқаро рейтинглар ҳам мамлакатда хавфсизлик даражаси юқори эканини таъкидлайди. Масалан, “International SOS Risk Map”га кўра, Ўзбекистон хавф даражаси паст бўлган давлатлар қаторига киритилган. “Numbeo Safety Index» рейтингида эса Ўзбекистон 148 давлат орасида 25-ўринни эгаллаб, жиноятчилик даражаси паст эканини кўрсатган.

Шунингдек, “Solo Female Travel Safety Index” ва “Safety Perceptions Index” рейтингларида мамлакат аёллар учун ёлғиз саёҳат қилишда энг хавфсиз давлат сифатида 1-ўринни эгаллаган. “Gallup Global Law and Order Index” натижаларига кўра эса, Ўзбекистон жамоат тартиби ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига ишонч даражаси бўйича дунёда етакчи ўринлардан бирини эгалламоқда.

“Target” журнали мақола якунида “Бугунги Ўзбекистон сайёҳларга нафақат Буюк Ипак йўлининг бой тарихи ва маданий меросини, балки замонавий инфратузилма, қулай шароитлар ва очиқ муҳитни ҳам таклиф этмоқда”, дея хулоса қилган.

Default Avatar

Материал муаллифи

Адилбек Каипбергенов

editor1@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш