Ўзбекистон – Покистон: фармацевтика соҳасида янги лойиҳаларни амалга ошириш имкониятлари муҳокама қилинди
Март 31, 2026. 10:07 • 3 дақ
• 42
ИСЛОМОБОД, 31 март. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон элчиси Алишер Тўхтаев Покистоннинг соғлиқни сақлаш соҳасида махсус топшириқлар бўйича элчиси, «The Searle Company Limited» компанияси директори Саид Надим Аҳмед билан учрашув ўтказди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Учрашув чоғида томонлар Ўзбекистон ва Покистон ўртасида фармацевтика соҳасидаги ҳамкорликни янада кенгайтириш, илғор халқаро тажрибани ўрганиш ва ўзаро манфаатли қўшма лойиҳаларни амалга ошириш масалаларини атрофлича муҳокама қилди.
Элчи Алишер Тўхтаев Ўзбекистонда фармацевтика маҳсулотларини ишлаб чиқаришни ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган ислоҳотлар, соҳада яратилган қулай инвестиция муҳити, хорижий сармоядорлар учун тақдим этилаётган имкониятлар ва истиқболли инвестиция лойиҳалари ҳақида батафсил маълумот берди. Шунингдек, у сўнгги йилларда маҳаллий ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш, импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар ишлаб чиқаришни кенгайтириш борасида эришилган натижаларга алоҳида тўхталди.
Суҳбат давомида соҳада шаффофлик ва самарадорликни ошириш мақсадида жорий этилаётган рақамли тизимлар, халқаро ҳамкорлик доирасида нуфузли хорижий компаниялар билан ўрнатилаётган алоқалар, шунингдек, Давлатимиз Раҳбари ташаббуслари асосида фармацевтика тармоғини модернизация қилиш бўйича амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар хусусида ҳам фикр алмашилди.
Ўз навбатида, Саид Надим Аҳмед Ўзбекистонда фармацевтика соҳасида сўнгги йилларда амалга оширилаётган изчил ислоҳотларни юқори баҳолаб, бу жараёнлар хорижий компаниялар учун янги ва истиқболли ҳамкорлик имкониятларини очаётганини таъкидлади.
У «The Searle Company Limited» компаниясининг жорий фаолияти ва стратегик ривожланиш режалари ҳақида маълумот бериб, компания томонидан Ўзбекистонда бир қатор маҳаллий ҳамкорлар билан алоқалар йўлга қўйилганини қайд этди.
«Мен Ўзбекистонга икки маротаба ташриф буюрганман. Сафарлар давомида ишбилармон доиралар вакиллари билан самарали мулоқотлар ўтказиб, мамлакатдаги бизнес муҳит ва фармацевтика бозорининг ўзига хос жиҳатлари билан яқиндан танишдим. Айни пайтда айрим фармацевтика маҳсулотларини белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказиш жараёнлари бошлаб юборилган. Биз Ўзбекистонни Марказий Осиё ва МДҲ бозорларига чиқиш учун муҳим платформа сифатида кўрамиз ва шу боис бу ердаги фаолиятимизни кенгайтиришдан манфаатдормиз», – деди у.
Шунингдек, Покистон вакили Ўзбекистонда янги авлод дори воситаларини, жумладан юрак-қон томир, онкологик ва метаболик касалликларни даволаш учун мўлжалланган биофармацевтика маҳсулотлари ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш режалари ҳақида ҳам маълум қилди.
Учрашув якунида томонлар Ўзбекистон ҳудудида қўшма инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш имкониятларини янада чуқур ўрганиш мақсадида тегишли вазирлик ва идоралар вакиллари иштирокида онлайн музокаралар ташкил этиш бўйича келишувга эришдилар.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси