Ўзбекистон туризм салоҳияти “Busan Worl Wide” телерадиоканалида намойиш қилинди
Февраль 03, 2026. 12:37 • 3 дақ
• 36СЕУЛ, 3 февраль. /“Дунё” АА/. Жанубий Кореянинг нуфузли “Busan World Wide” телерадиоканалида юртимизнинг сайёҳлик салоҳияти ва тарихий қадамжоларига бағишланган махсус кўрсатув эфирга узатилди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.
Намойиш этилган дастурда Самарқанднинг жаҳон цивилизацияси тараққиётида тутган ўрни, Шарқ ва Ғарбни боғлаб турган Буюк Ипак йўлидаги аҳамияти ҳамда асрлар давомида шаклланган маданий мероси кенг ёритилди.
Кўрсатувда Самарқанднинг XIV асрда Темурийлар империясининг пойтахти сифатида сиёсий, илмий ва маданий марказ бўлгани, шаҳар меъморчилигида турли маданият ва анъаналар уйғунлашгани таъкидланди. Айниқса, шаҳарнинг тарихий маркази ЮНЕСКОнинг Бутунжаҳон мероси рўйхатига киритилгани ва муҳим маданий ва меъморий масканлардан бири эканини тасдиқловчи омил сифатида қайд этилди.
Лавҳаларда Самарқанд нафақат ўтмиш цивилизацияларининг меросини сақлаб келаётган шаҳар, балки замонавий туризм маркази сифатида ҳам намоён этилди. Халқаро стандартларга жавоб берадиган меҳмонхоналар, ривожланаётган транспорт инфратузилмаси, рақамлаштирилган туристик хизматлар ва хавфсиз сайёҳлик муҳити шаҳарнинг жозибадорлигини ошираётган асосий омиллар сифатида кўрсатилди.
Муаллиф Корея сайёҳлари учун амал қилаётган визасиз режим, халқаро авиақатновлар, миллий таомлар ва маданий фестиваллар Самарқандга бўлган қизиқишни янада кучайтираётгани таъкидлади.
Кўрсатув давомида Самарқанднинг асосий рамзий масканлари ҳам алоҳида ёритилди. Жумладан, Регистон майдони асрлар давомида шаҳар ҳаётининг маркази бўлиб келгани, бу ерда давлат аҳамиятига молик тадбирлар, илм-фан ва жамоат йиғинлари ўтказилгани ҳақида маълумот берилди. Бугунги кунда эса ушбу мажмуа учта мадраса билан ўралган ноёб меъморий ансамбль сифатида Самарқанднинг бетакрор қиёфасини намоён этаётгани қайд этилди. Мовий кошинлар ва мураккаб нақшлар Ипак йўли давридаги маданий алмашинув руҳини яққол акс эттириши алоҳида урғуланди.
Гўри Амир мақбараси Амир Темур меросининг ёрқин намунаси сифатида тақдим этилди. Ушбу иншоот меъморчилиги Темурийлар салтанатининг қудрати ва эстетик диди билан бирга, кейинчалик Жанубий Осиё ҳудудида шаклланган меъморий анъаналарга ҳам катта таъсир кўрсатгани таъкидланди. Бу ҳолат Самарқанднинг маданий таъсири минтақавий эмас, балки кенг цивилизацион аҳамиятга эга бўлганини кўрсатади.
Самарқанднинг “мовий шаҳар” сифатидаги қиёфаси эса Шоҳи Зинда мажмуаси орқали очиб берилди. XI–XV асрларга оид турли меъморий даврларни ўзида мужассам этган ушбу мажмуа ранглар, нақшлар ва хаттотлик уйғунлиги билан шаҳарнинг маънавий ва бадиий дунёқарашини ифодалаши қайд этилди. Айниқса, ушбу масканнинг фотография ва маданий саёҳат ихлосмандлари орасида алоҳида қизиқиш уйғотаётгани таъкидланди.
Кўрсатувда Самарқанднинг гастрономик анъаналарига ҳам эътибор қаратилди. Самарқанд палови, анъанавий нон ва чой маданияти шаҳарнинг меҳмондўстлик руҳини акс эттирувчи муҳим маданий унсурлар сифатида кўрсатилди. Бу таомлар маҳаллий аҳоли ҳаётида муҳим ўрин тутиши билан бирга, сайёҳлар учун ҳам маданий тажрибанинг ажралмас қисми экани таъкидланди
Шу билан бирга, Самарқанд тарихи, меъморчилик ва маданий меросга қизиқувчи жанубий кореялик сайёҳлар орасида тобора ортиб бораётган қизиқиш марказига айланаётгани, ушбу қизиқиш эса амалдаги саёҳатлар сонининг ўсиши билан ҳамоҳанг экани қайд этилди. Қадимий цивилизация ва замонавий шаҳар муҳитининг уйғунлиги Самарқандни Жанубий Корея бозори учун кўплаб сайёҳларни жалб қилаётган истиқболли йўналиш сифатида шакллантираётгани алоҳида таъкидланди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси



