Миср билан қишлоқ хўжалиги соҳасида ҳамкорлик кенгайтирилади
Февраль 03, 2026. 11:13 • 2 дақ
• 77ҚОҲИРА, 3 февраль. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон дипломатлари Миср қишлоқ хўжалиги ва мелиорация вазири Алаа Фаруқ ва унинг ўринбосарлари Одил Абдуазим ва Саад Муса билан учрашди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.
Суҳбат жараёнида қишлоқ хўжалиги соҳасида икки томонлама ҳамкорлик алоқаларини янада кенгайтириш масаласида фикр-мулоҳаза алмашилди.
Вазир Алаа Фаруқ Ўзбекистон билан қишлоқ хўжалиги йўналишида манфаатли алоқалар йўлга қўйилганини таъкидлаб, Қашқадарё вилоятида илк бор Миср тажрибаси асосида 100 тоннадан зиёд “Супер-элита” навли картошка уруғлиги ҳосили олинганидан мамнунлигини билдирди.
Жиззах вилоятида қанд лавлаги етиштириш ва шакар ишлаб чиқариш лойиҳаси амалга оширилаётгани қўллаб-қувватланди. Мисрлик мутахассислар “Dalteks” корпорацияси томонидан Хоразм вилоятида саҳро ҳудудларни ўзлаштириш лойиҳаси бошланганидан хабардорлигини билдирди.
Шунингдек, ўзаро муносабатларнинг кейинги босқичи сифатида:
- мисрлик мутахассислар ёрдамида юртимизда қулупнай, ерёнғоқ ва бошқа қишлоқ хўжалиги экинларини етиштириш ва хорижга экспорт қилиш;
- юртимиз қишлоқ хўжалиги ходимларининг Мисрга амалий сафарларини уюштириш, қишлоқ хўжалигини ривожлантириш борасида маҳаллий тажриба билан таништириш;
- вакилларимизнинг Мисрдаги Қишлоқ хўжалиги илмий-тадқиқот маркази, Пахтачилик илмий институти, Чўлланишга қарши курашиш марказида малака оширишларини ташкил қилиш;
- ўзаро делегациялар, тажриба ва ахборот алмашувини янада фаоллаштириш;
- Мисрнинг истиқболли Африка бозорларига киришдаги имтиёзларини инобатга олиб, қўшма лойиҳалар ишлаб чиқиш ҳамда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспортини рағбатлантириш;
- мисрлик мутахассислар ёрдамида республикамиздаги чўл ҳудудларни ўзлаштириш, ер ости сувларидан фойдаланган ҳолда замонавий тежамкор ёмғирлатиб суғориш тизимини жорий қилиш;
- янги ўзлаштирилган майдонларда турли қишлоқ хўжалиги экинларини етиштиришга кўмаклашиш, уларнинг минтақамиз ва хориж давлатларига экспортини йўлга қўйиш бўйича ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш масалалари муҳокама қилинди.
Ўз навбатида юртимизда Миср билан қишлоқ хўжалиги борасида амалга оширилаётган қўшма тадбирлар, жумладан, сара картошка уруғи тайёрлаш лойиҳаси сезиларли кенгайган тақдирда ҳамкорликда етиштирилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини Марказий Осиё мамлакатларига фаол экспорт қилиш имкониятлари юзага келиши таъкидланди.
Вазир билан икки томонлама алоқаларни янада мустаҳкамлаш мақсадида Мисрдаги қишлоқ хўжалиги соҳасидаги етакчи давлат компаниялари ва йирик тадбиркорлардан иборат нуфузли делегациянинг юртимизга бизнес-миссиясини ташкил этишга келишиб олинди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси


