Logo

Тошкентда эришилган олий даражадаги Ўзбекистон–Сербия келишувлари ҳамкорликнинг аниқ натижалари ва амалий шаклларига ўтиш учун мустаҳкам замин яратмоқда

Февраль 03, 2026. 10:37 • 2 дақ

67
Тошкентда эришилган олий даражадаги Ўзбекистон–Сербия келишувлари ҳамкорликнинг аниқ натижалари ва амалий шаклларига ўтиш учун мустаҳкам замин яратмоқда

БЕЛГРАД, 3 февраль. /“Дунё” АА/. Сербия президенти Александр Вучич Ўзбекистон элчиси Ойбек Шахавдиновни қабул қилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Учрашув Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ва Сербия Президенти Александр Вучич ўртасида Сербия томонининг 2025 йил октябрь ойида Тошкентга расмий ташрифи чоғида эришилган келишувларни амалга ошириш бўйича маслаҳатлашувлар доирасида бўлиб ўтди.

Суҳбат чоғида Президент Александр Вучич Сербия – Ўзбекистон муносабатлари юксак даражага кўтарилганини қайд этиб, Ўзбекистон Президентига самимий ҳурматини изҳор этди ҳамда икки давлат ўртасидаги конструктив мулоқот ва амалий ҳамкорликни янада ривожлантириш борасидаги интилиши қатъий эканини тасдиқлади.

Учрашувда томонлар икки томонлама муносабатларнинг бугунги ҳолати ва истиқболларини батафсил муҳокама қилиб, уларни стратегик шериклик, ишонч ва олий даражадаги амалий мулоқот асосида янада чуқурлаштиришга ўзаро интилишларини тасдиқлади.

Давлат раҳбарлари ўртасида, энг аввало, иқтисодиёт, инвестиция ва савдо соҳаларида эришилган келишувларни амалга ошириш, икки мамлакатнинг тегишли вазирлик ва идоралари, ишбилармон доиралари ва тараққиёт институтлари ўртасидаги тўғридан-тўғри алоқаларни кенгайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Инвестициявий ҳамкорликни фаоллаштириш ва янги қўшма лойиҳаларни ишга тушириш, савдо-иқтисодий алоқаларни кенгайтириш ва ўзаро савдодаги тўсиқларни бартараф этиш, Ўзбекистон ва Сербия компаниялари ва молия институтлари ўртасидаги кооперацияни ривожлантириш, саноат, инфратузилма ва инновацияларга эътибор қаратган ҳолда тармоқлараро ҳамкорликни мустаҳкамлашдан икки томон ҳам манфаатдор экани таъкидланди.

Тошкентда эришилган келишувлар ўрта муддатли истиқболда ҳамкорликнинг аниқ натижалари ва амалий шаклларига ўтиш учун мустаҳкам замин яратиши қайд этилди.

Томонлар ташқи сиёсат ва иқтисодиёт идоралари йўналишида сермазмун сиёсий маслаҳатлашувлар ва саъй-ҳаракатларни мувофиқлаштиришни давом эттиришга тайёр эканини тасдиқлаб, икки томонлама мулоқотнинг барқарор суръатини сақлаб қолиш муҳимлигини таъкидлади.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш