АҚШда “Омонатим” ўзбек бадиий фильми премьераси бўлиб ўтди
Январ 21, 2026. 08:10 • 2 дақ
• 180ВАШИНГТОН, 21 январь. /“Дунё” АА/. Ўзбекистоннинг АҚШдаги Элчихонасида “Abbos Media” хусусий киностудияси ҳамда ўзбек кино олами вакиллари томонидан ишланган “Омонатим” бадиий фильмининг премьераси бўлиб ўтди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.
Мазкур маданий-маърифий тадбирда юзга яқин меҳмонлар, АҚШда истиқомат қилаётган ватандошлар, маҳаллий аҳоли, санъат ва маданият вакиллари иштирок этди.
Тадбир Ўзбекистоннинг АҚШдаги Элчихонаси ташаббуси билан, ўзбек миллий маданияти, кинематографияси ва маънавий қадриятларини халқаро миқёсда тарғиб этиш, икки мамлакат ўртасидаги маданий-гуманитар алоқаларни янада мустаҳкамлаш мақсадида ташкил этилди.
Премьеранинг очилиш қисмида “Abbos Media” хусусий киностудияси раҳбари, фильм продюсери ва режиссёри Аббос Абдуллаев сўзга чиқиб, кино яратилиш жараёни, асарнинг ғоявий мазмуни ҳамда унинг асосида ётган инсонпарварлик, оилавий қадриятлар ва оталик масъулияти ҳақида тўхталиб ўтди. У ўз нутқида “Омонатим” фильми орқали ўзбек халқининг характерли жиҳатлари – оилага садоқат, фарзандга меҳр, Ватанга бўлган муҳаббатни ёритишни мақсад қилганини таъкидлади.
Фильм сюжетида ватанпарварлик, ота-она ва фарзанд ўртасидаги муқаддас ришталар, инсон тақдирига бўлган масъулият, оилада соғлом тарбиявий муҳитни шакллантириш, меҳр-оқибат ва фидойилик каби умуминсоний ва миллий қадриятлар кенг қамровда ҳамда таъсирчан тарзда акс эттирилган. Асар ватандошлар ва хорижий меҳмонлар томонидан катта қизиқиш билан кутиб олинди.
Тадбир доирасида ўзбек киноси салоҳияти, миллий кинематография орқали Ўзбекистоннинг туристик имкониятларини тарғиб қилиш, мамлакатимизнинг бой тарихи, маданий мероси ва замонавий қиёфасини халқаро жамоатчиликка намоён этиш масалалари ҳам муҳокама қилинди. Ўзбек кино саноатида хусусий студияларнинг ўрни, ёш ижодкорларни қўллаб-қувватлаш ва халқаро ҳамкорликни кенгайтириш зарурлиги алоҳида таъкидланди.
Премьера тадбири давомида меҳмонларга ўзбек миллий таомлари тақдим этилди. Бу эса тадбирга миллий колорит ва илиқ муҳит бағишлади. Меҳмонлар учун ўзбек маданияти, урф-одатлари ва миллий анъаналарини акс эттирувчи ноёб маданий муҳит яратилди.
Мазкур маданий тадбир Ўзбекистон кино саноатининг ривожланишини қўллаб-қувватлаш, ўзбек санъатини халқаро майдонга олиб чиқиш, АҚШда истиқомат қилаётган ватандошларимиз билан маънавий алоқаларни мустаҳкамлаш муҳим аҳамият касб этди. Тадбир иштирокчилари бундай ташаббусларни келгусида ҳам изчил давом эттириш муҳимлигини таъкидлади.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси



