Ўзбекистоннинг иқтисодий имкониятлари хитойлик тадбиркорларни қизиқтирмоқда
Январ 22, 2026. 12:41 • 44 сония
• 46ГУАНЧЖОУ, 22 январь. /“Дунё” АА/. Мамлакатимизнинг Гуанчжоу шаҳридаги Бош консулхонаси томонидан “Guangdong General Chamber of Commerce” палатаси билан ҳамкорликда икки юздан ортиқ маҳаллий компаниялар иштирокида юртимиз иқтисодий имкониятларига бағишланган тақдимот ўтказилди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.
Тадбир иштирокчиларига Ўзбекистон ривожланишининг иқтисодий кўрсаткичлари, туризм салоҳияти, имтиёз ва преференциялар тизими, ҳудудларимизнинг драйвер тармоқлари, истиқболли савдо ва инвестициявий лойиҳалар тўғрисида маълумот берилди.
Хитой компаниялари мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларни юқори баҳолаб, хорижий компаниялар учун яратилган қулай ва хавфсиз ишбилармонлик муҳити ҳақида тўхталиб ўтди. Жорий этилган визасиз режим ҳамда қатор тўғридан-тўғри авиақатновларнинг мавжудлиги ўзаро алмашинувларни фаоллаштиришга, туризмни янада ривожлантиришга қўшимча имкониятлар яратишини таъкидлади.
“Guangdong General Chamber of Commerce” палатаси бош котиби Сун Жия ҳамда хитойлик ишбилармонлар билан ўтказилган икки томонлама учрашувларда Гуандун провинцияси етакчи компания ва ихтисослашган уюшмаларидан иборат делегацияларнинг мамлакатимиз ҳудудларига бизнес-миссияларини амалга оширишга келишиб олинди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси



