Покистон ОАВ: Ўзбекистон — Покистон муносабатлари минтақавий тинчлик ва барқарорлик нуқтаи назаридан муҳим аҳамиятга эга
Январ 22, 2026. 11:26 • 4 дақ
• 63ИСЛОМОБОД, 22 январь. /“Дунё” АА./ Покистоннинг “Associated Press of Pakistan”, “Daily Ittehad”, “Minute Mirror”, “The Daily Big Digit” ва бошқа нашрларида “Президент Шавкат Мирзиёев – Покистоннинг буюк дўсти” сарлавҳали мақолалар эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Покистондаги “Умумий келажак жамияти” таҳлилий маркази ижрочи директори Халид Таймур Акрам қаламига мансуб ушбу мақолада Покистон ва Ўзбекистон ўртасидаги муносабатларнинг кўп асрлик тарихи ва замонавий тараққиёти, Президент Шавкат Мирзиёевнинг икки томонлама алоқаларни мустаҳкамлаш борасидаги саъй-ҳаракатлари ҳақида сўз боради. Муаллиф ёзганидек, икки мамлакатни муштарак тарих, маданият, дин ва ўхшаш анъаналар боғлаб туради.
“Ўзбекистон ҳудудида жойлашган Самарқанд ва Бухоро шаҳарлари қадимдан исломий илм-фаннинг йирик марказлари бўлиб хизмат қилган. Буюк Ипак йўли эса икки минтақани савдо ва маданий алоқалар орқали ўзаро боғлаган. Икки давлат ўртасидаги яна бир муҳим тарихий боғлиқлик шундаки, Бобурийлар сулоласининг асосчиси, биринчи Бобурий подшоҳ — Заҳириддин Муҳаммад Бобур Ўзбекистон заминида дунёга келган”, — деб таъкидлайди эксперт.
Унинг қайд этишича, 1991 йилда собиқ иттифоқ парчаланиб, Ўзбекистон мустақилликка эришганидан сўнг, Покистон унинг мустақиллигини биринчилардан бўлиб тан олган давлатлардан бири бўлди ва расмий дипломатик муносабатлар ўрнатди.
Шундан буён икки мамлакат ўртасида дўстона ва биродарона муносабатлар изчил ривожланиб келмоқда. Томонлар халқаро майдонларда бир-бирини доим қўллаб-қувватлаб келмоқда ҳамда минтақавий ва глобал масалаларда муҳим ташаббусларни илгари сурмоқда. Покистон ва Ўзбекистон ўртасидаги икки томонлама муносабатлар ўзаро ишонч, ҳурмат, англаш ва умумий қадриятларга асосланган. Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон Президенти этиб сайланиши билан мамлакатлар ўртасида олий даражадаги мулоқот мустаҳкамланди ва давлат раҳбарлари даражасидаги ташрифлар сони ошди.
“Икки давлат ҳам савдо, ўзаро боғлиқлик ва халқлар ўртасидаги алоқаларни кучайтириш орқали икки томонлама муносабатларни чуқурлаштиришга қатъий интилиб келмоқда. Томонлар ҳамкорликни янги ва мазмунли йўналишларда кенгайтиришга катта қизиқиш билдирмоқда. Покистон ва Ўзбекистон савдо, транспорт, энергетика, туризм, минтақавий боғлиқлик ва бошқа кўплаб соҳаларда улкан салоҳиятга эга эканини яхши англайди”, – дейилади нашрда.
Савдо ва иқтисодий ҳамкорлик Покистон–Ўзбекистон муносабатларининг асосий устуни ҳисобланади. Икки томонлама савдо ҳажми барқарор ўсиб, 2025 йилга келиб қарийб 450 миллион АҚШ долларига етди. Савдони янада ривожлантириш мақсадида ҳар икки давлат яқин йилларда ўзаро савдо айланмасини 2 миллиард долларга етказишни мақсад қилган.
Ўзбекистон тўғридан-тўғри денгизга чиқиш имкониятига эга бўлмагани учун Покистон денгиз портларига қулай чиқиш имконини таклиф этмоқда. Ўзбекистон эса табиий ресурсларга бой ва жадал ривожланаётган иқтисодиётга эга мамлакат. Савдо йўлларининг яхшиланиши ва боғлиқликнинг кучайиши нафақат ушбу икки давлат, балки бутун минтақа учун ҳам катта фойда келтиради.
Мақолада, шунингдек, энергетика соҳаси икки давлат учун ҳам катта истиқболга эга экани қайд этилган. Муаллиф Ўзбекистон энергия ишлаб чиқариш борасида катта тажриба ва салоҳиятга эга эканини урғулайди.
“Покистон эса иқтисодий ўсишни таъминлаш мақсадида энергия манбаларини диверсификация қилишга интилмоқда. Шу боис, Ўзбекистон билан энергетика лойиҳалари бўйича ҳамкорликнинг мустаҳкамланиши Покистоннинг электр энергиясига бўлган эҳтиёжларини қондиришга ёрдам беради. Шу билан бирга, Ўзбекистон компаниялари ва мутахассислари учун ҳам янги бозорларни очиш имкониятини яратади”, – дея таъкидлайди Халид Таймур Акрам.
Таҳлилий материалда ҳар икки мамлакат учун муҳим аҳамият касб этувчи йўналишлардан яна бири туризм соҳаси экани эътироф этилади. Туризм иш ўринлари яратиш, иқтисодий ўсишни рағбатлантириш, халқлар ўртасидаги алоқаларни кучайтириш ва турли маданиятларни яхшироқ англашга хизмат қиладиган муҳим тармоқ ҳисобланади.
Ўзбекистон ўзининг қадимий исломий меъморий ёдгорликлари ва маданий аҳамиятга эга тарихий шаҳарлари билан машҳур бўлса, Покистон гўзал табиат манзаралари, тарихий обидалари ва бой анъаналари билан ажралиб туради. Шунинг учун туризм соҳасидаги ҳамкорлик икки мамлакат ўртасида сайёҳлар алмашинувини оширишга хизмат қилади.
“Associated Press of Pakistan” ахборот агентлиги тарқатган материлда қайд этилишича, Ўзбекистон–Покистон муносабатларининг янада мустаҳкамланиши минтақавий тинчлик ва барқарорлик нуқтаи назаридан ҳам катта аҳамиятга эга.
Муаллиф, “Покистон ва Ўзбекистон ҳар доим кенг минтақада тинчлик, тараққиёт ва фаровонликни қўллаб-қувватлаб келган. Икки давлат ҳам минтақавий муаммоларни музокара ва ҳамкорлик орқали ҳал этиш лозим, деган қатъий қарашга эга. Ана шу ёндашув асосида икки мамлакат ўртасидаги ҳамкорлик қўшни минтақаларда ҳам барқарорлик ва иқтисодий тараққиётга салмоқли ҳисса қўшиши мумкин”, – деб ёзган.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси



