"Kanal-3” ТВ: Тарихда ҳеч енгилмаган икки буюк саркарда бор, бири – Искандар, иккинчиси – Амир Темур
Январ 22, 2026. 12:07 • 3 дақ
• 58АНҚАРА, 22 январь. /“Дунё” АА/. Туркиянинг “Kanal-3” телеканалининг “Farklı Rotalar” дастурининг навбатдаги сони Самарқанддаги тарихий ёдгорликлар ҳамда Амир Темурнинг ҳаёти ва фаолиятига бағишланди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Кўрсатувда Самарқанд шаҳридаги Амир Темурнинг ҳаёти ва фаолияти, “Регистон майдони”, “Гўри Амир” мақбараси тарихи ҳақида ҳикоя қилинган. Дастур бошловчи Самарқанд шаҳридаги қадимий обида ва масканлар ҳақида батафсил тўхталиб ўтар экан, бу ер – бутун Марказий Осий, барча туркийлар учун энг муҳим манзиллардан бири эканини баён қилади. У бу заминда Амир Темурга бўлган ҳурмат ва эътибор жуда катта экани, кўплаб шаҳарларда буюк саркарданинг ҳайкаллари ўрнатилганини қайд этган.
Кўрсатувда Амир Темурнинг қабри жой олган “Гўри Амир” мақбараси туркий меъморчиликнинг олий намунаси экани урғуланган. Бошловчи Самарқандни кўриш учун албатта келиш зарурлиги ва амалга оширилган саёҳатдан ҳеч афсусланмаслигини таъкидланган.
Дастурда Амир Темурнинг ҳаёти ва фаолияти ҳақида батафсил маълумот берилиб, буюк саркарданинг 27 та давлатни ўзига бўйсундириб, “Малики Турон”, “Амири Туркистон” унвонларини олгани баён этилган. “Тарихда урушда ҳеч енгилмаган икки буюк саркарда бор, бири – Искандар, иккинчиси – Амир Темур”, дея алоҳида эътироф этади кўрсатув бошловчиси.
Эфирга берилган лавҳалардан бирига бошловчи шундай изоҳ беради: “Гўри Амирнинг ичида Амир Темурнинг фарзандлари ва набиралари қабри ҳам жой олган. Аммо энг муҳими, Амир Темурнинг бош томонида дафн этилган устози – Мир Саййид Барака. Бу – туркий қўмондонлар, саркардалар доимо устозларига чексиз эҳтиром кўрсатганининг намунаси”.
Дастур давомида Самарқанд маркази – Регистон майдонидаги улуғвор мадрасалар ҳақида ҳам маълумот берилиб, бошловчи қуйидаги фикрларни айтади:
“Кўп йиллар университетда талаба эканимда экранда кўриб турганингиз ушбу кўркам манзиллар расмини “Атлас” номли саёҳат журналида томоша қилганман. Ўша вақтдан бери ушбу гўзалликни ўз кўзларим билан кўриш насиб қилармикин, дея орзу қилардим. Бугун Самарқанднинг қоқ марказидаги Регистон майдонидаман. Ўзимни сеҳрли диёрга тушиб қолгандек, ҳис қилаяпман. Нақадар гўзал! Ишонинг, таърифлашга сўз топа олмаяпман!”.
Бошловчи Ўзбекистондаги манзиллар ва меъморий ёдгорликларнинг Туркиядагиларга ўхшашлигини алоҳида таъкидлаган:
“Бу ёдгорликлар бизга бегона эмас. Улардаги каби дарвозалар Денизли вилоятидаги Чардак Хан манзилида ҳам бор. Шунингдек, бундай дарвозаларни Измирнинг Селжук тумани Меҳмет Иса Бей масжидида, Салжуқий ёлгорликлар кўп бўлган Кайсери вилоятидаги тарихий биноларда ҳам учратиш мумкин. Энг машҳури, Конянинг Бейшеҳир туманидаги ёғоч устунли Ашрафўғли масжиди бўлса керак. Зеро, Ўзбекистондаги масжидлар ҳам ёғоч устунли эканини кўрасиз. Бу ердаги тарихий ёдгорликларнинг безатилиши шу қадар муаззамки, таърифлашга қийналади киши. Мана шундай улкан ва айни вақтда нозик безаклар билан жилоланган ёдгорликни томоша қилишнинг ўзи одамга ўзгача туйғулар бағишлайди”, дейди бошловчи.
Дастур давомида икки халқ ўртасидаги ўзаро яқинликка ҳам эътибор қаратилган:
“Шуни ҳам алоҳида айтишим керакки, биз турклар асли шу заминдан келганмиз. Асли илдизимиз ўша томондан. Бу ердаги инсонлар бизга шунчалик ўхшайдики, гапиришлари биз каби, доимо ёрдамга тайёр, меҳмонларни турклар каби табассум билан қарши олади. Тилни тушунишда бошида озгина қийналасиз, аммо вақт ўтиши билан бу муаммо ўз ўзидан ҳал бўлади”.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси






