Франция Европа Иттифоқида биринчи бўлиб 15 ёшгача бўлган болалар учун ижтимоий тармоқларни тақиқламоқда

Июль 23, 2026. 09:30 • 2 дақ

128
Франция Европа Иттифоқида биринчи бўлиб 15 ёшгача бўлган болалар учун ижтимоий тармоқларни тақиқламоқда

ПАРИЖ, 23 июль. /“Дунё” АА/. Франция қонун чиқарувчилари 15 ёшгача бўлган болаларнинг ижтимоий тармоқлардан фойдаланишини тақиқлашни маъқулладилар, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири “France 24” телеканалига таяниб.

Бу борада Австралия 16 ёшгача бўлганлар учун Facebook, Snapchat, TikTok ва YouTube каби тармоқларни дунёда биринчи бўлиб тақиқлаган эди. Франция эса ушбу тажрибага таяниб, Европада бундай чекловни жорий этган илк мамлакатга айланди.

“Франция рақамли балоғат ёшини жорий этиш орқали Европада биринчи бўлиб бу йўлни очиб бермоқда”, — деди сунъий интеллект ва рақамли технологиялар бўйича кичик вазир Анн Ле Энанфф.

Парламентнинг иккала палатаси — Сенат ва Миллий мажлис қонун лойиҳасини қўллаб-қувватлади. Мамлакат Президенти Эммануэль Макрон қонун кейинги ўқув йили бошига қадар кучга киришига умид қилмоқда.

Шунингдек ўқинг

Янги нормаларга кўра, 15 ёшгача бўлган болаларга 1 сентябрдан эътиборан ижтимоий тармоқларда аккаунт очиш тақиқланади. Платформаларга мавжуд ҳисоб ёзувларини ёпиш учун яна тўрт ой муҳлат берилади. Бундан ташқари, улар Франциянинг шахсий маълумотларни ҳимоя қилиш бўйича регулятори томонидан маъқулланган ёшни текшириш тизимини жорий этишлари керак бўлади.

Ижтимоий тармоқ платформалари ёш чекловлари ва ҳимоя чоралари аллақачон амалда эканини айтиб, бу каби чекловларга қаршилик кўрсатмоқда. Шунга қарамай, улар қонун қабул қилинган тақдирда давлат талабларини бажаришга тайёрликларини ҳам маълум қилди.

Европа Комиссияси ҳам ёшларни ҳимоя қилиш учун ижтимоий тармоқларни тартибга солувчи ўз қоидаларини ишлаб чиқмоқда ва шу орқали Франция қонуни амалдаги Европа қонунчилигига мос келиш-келмаслигини баҳолайди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Эммануэль Макрон ўсмирларни масъулиятли фуқаро бўлиб етишишлари учун телефонлардан камроқ фойдаланишга ва кўпроқ китоб ўқишга чақирган эди. Апрель ойида ёшлар олдида чиқиш қилар экан, у тартибга солишнинг йўқлиги ижтимоий тармоқларни эътиборни чалғитувчи “жунгли”га айлантириб қўйганини таъкидлаб, 15 ёшгача бўлган фойдаланувчилар учун чекловлар жорий этиш зарурлигини қайд этган эди.

Default Avatar

Материал муаллифи

Zilola Ahmedova

zilola@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш