ЎзХИА Шанхайда янги ҳамкорлик ташаббусларини илгари сурди
Июнь 11, 2026. 21:10 • 2 дақ
• 33ТОШКЕНТ, 11 июнь. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон халқаро исломшунослик академияси (ЎзХИА) делегацияси Шанхай шаҳрида ўтказилган “ШҲТ таҳлил марказлари форуми”да иштирок этди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Форумда академиянинг биринчи проректори, сиёсий фанлар доктори, доцент Ҳабибулло Садибақосев ҳамда Ислом иқтисодиёти ва халқаро муносабатлар факультети декани, профессор Фарҳод Каримов “Хитой ва Марказий Осиё: минтақавий ҳамкорликни юқори даражада қўллаб-қувватлаш” мавзусида маъруза қилди.
Ташкил этилган учрашувларда ШҲТга аъзо давлатлардан юзлаб олимлар ва мутахассислар иштирок этиб, замонавий халқаро муносабатлар шароитида минтақавий ҳамкорликни ривожлантириш масалалари юзасидан фикр-мулоҳазалар алмашди.
Ташриф доирасида делегация Шанхай сиёсатшунослик ва ҳуқуқ университети ҳамда ШҲТнинг Халқаро ҳуқуқий таълим ва ҳамкорлик маркази раҳбарияти билан ҳам қатор учрашувлар ўтказди. Суҳбатлар жараёнида университетнинг биринчи проректори, профессор Луо Лиганг ҳамкорлик ташаббусларини қўллаб-қувватлаб, меҳмонларга ташриф учун миннатдорлик билдирди.
Музокаралар чоғида икки томонлама талабалар алмашинувини йўлга қўйиш, Шанхайдаги ШҲТ марказида талабалар амалиётини ташкил этиш, қўшма илмий тадқиқотлар олиб бориш ҳамда англашув меморандумини тайёрлаш масалалари муҳокама қилинди.
Шунингдек, Ҳабибулло Садибақосев университет раҳбариятини Тошкентга таклиф этиб, ЎзХИА ректори Музаффар Камиловнинг саломини етказди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси



