Қорақалпоғистон ва Панжоб ўртасида аграр соҳада инвестиция лойиҳалари амалга оширилади
Июль 07, 2026. 14:00 • 2 дақ
• 102
ЛАҲОР, 7 июль. /“Дунё” АА/. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар кенгаши раиси Фарҳод Эрманов ва Ўзбекистон элчиси Алишер Тўхтаев Покистоннинг Лоҳор шаҳрига ташриф доирасида Панжоб провинцияси қишлоқ хўжалиги ва чорвачилик вазири Саид Ҳусайн Кирман билан музокара ўтказди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Покистон томони Қорақалпоғистон делегациясининг мазкур ташрифи икки томонлама муносабатларни янги босқичга олиб чиқиши, савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликни янада кенгайтиришга хизмат қилишини таъкидлади.
Ўзбекистон ва Покистон ўртасидаги стратегик шериклик муносабатлари изчил ривожланиб бораётгани, икки давлат раҳбарлари томонидан белгиланган вазифаларни амалий мазмун билан бойитишда ҳудудлараро ҳамкорлик муҳим аҳамият касб этиши қайд этилди. Шу нуқтаи назардан, Қорақалпоғистон ва Панжоб ўртасида иқтисодий, инвестициявий ва аграр соҳалардаги алоқаларни янада фаоллаштириш зарурлиги қайд этилди.
Суҳбат чоғида қишлоқ хўжалиги ва чорвачилик соҳаларида ўзаро манфаатли ҳамкорликни йўлга қўйиш истиқболлари юзасидан атрофлича фикр алмашилди. Томонлар мазкур йўналишлар икки ҳудуд ўртасидаги ҳамкорликнинг энг устувор соҳаларидан бири эканини маълум қилди.
Покистон томони қишлоқ хўжалиги ва чорвачилик соҳаларида қўшма инвестиция лойиҳаларини шакллантириш ва амалий ҳамкорликни жадаллаштириш мақсадида икки томонлама қўшма ишчи гуруҳ ташкил этиш ташаббусини илгари сурди.
Шунингдек, тирик наслдор чорва молларини Ўзбекистонга экспорт қилиш, картошка ва пахта уруғчилигини ривожлантириш, селекция ишларини такомиллаштириш, соҳа мутахассислари ўртасида тажриба алмашиш ҳамда илғор аграр технологияларни амалиётга жорий этиш юзасидан ҳам ўзаро манфаатли таклифлар кўриб чиқилди.
Томонлар мазкур йўналишларда амалий ҳамкорликни кенгайтириш ҳар икки ҳудуднинг агросаноат салоҳиятини янада юксалтириш, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш ва ўзаро савдо айланмасини кўпайтиришга хизмат қилишини таъкидлади.
Очиқ, конструктив ва дўстона руҳда ўтган учрашув якунида ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, истиқболли қўшма лойиҳаларни изчил амалга ошириш ҳамда мунтазам мулоқот ва ишбилармонлик алоқаларини давом эттиришга келишиб олинди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси