Покистондан Қорақалпоғистонга 200 бош зотдор қорамол олиб келиш бўйича шартнома имзоланди
Июль 06, 2026. 15:30 • 2 дақ
• 93
ЛАҲОР, 6 июль. /“Дунё” АА/. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси Фарҳод Эрманов ва Ўзбекистон элчиси Алишер Тўхтаев бошчилигидаги делегация Покистонга хизмат сафари доирасида “Abdin International Pvt. Ltd.” компанияси бош директори Наваз Ҳассан билан учрашди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Лаҳор шаҳрида бўлиб ўтган музокараларда Қорақалпоғистонда чорвачиликни ривожлантириш, соҳага замонавий технологияларни жорий этиш ҳамда инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш масалалари юзасидан фикр алмашилди.
Хусусан, компанияга зотдор йирик шохли қорамолларни кўпайтириш ва ем-хашак етиштириш лойиҳаларини амалга ошириш мақсадида ер майдонлари ажратиш таклифи билдирилди. Томонлар мазкур йўналишларда қўшма ташаббусларни амалга ошириш ҳар икки томон учун ҳам манфаатли эканини таъкидлади.
Учрашув чоғида пилот лойиҳа доирасида “Nukus Delisha” компанияси билан шериклик асосида қўшма корхона ташкил этиш бўйича келишувга эришилди. Покистондан 200 бош зотдор йирик шохли қорамолни Ўзбекистонга олиб келиш ҳамда чорвачилик тармоғини ривожлантиришга қаратилган инвестиция шартномаси имзоланди.
Мазкур келишувлар Қорақалпоғистонда чорвачилик соҳасининг рақобатбардошлигини ошириш, наслчилик ишларини такомиллаштириш ва маҳаллий ишлаб чиқариш ҳажмини кенгайтиришга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.
2001 йилда ташкил этилган “Abdin International Pvt. Ltd.” бугунги кунда Покистоннинг етакчи гўшт ва гўшт маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи компанияларидан бири ҳисобланади. Компания маҳсулотлари дунёнинг ўндан ортиқ мамлакатларига экспорт қилинади.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси