Покистонда Ўзбекистоннинг туристик ва маданий меросига бағишланган китоб-альбом нашр этилди

Ноябрь 01, 2026. 12:30 • 2 дақ

• 151
Покистонда Ўзбекистоннинг туристик ва маданий меросига бағишланган китоб-альбом нашр этилди

ИСЛОМОБОД, 1 ноябрь. /“Дунё” АА/. Покистонда юртимизнинг кўп асрлик тарихи, бой маданий мероси ва туристик салоҳиятига бағишланган “Ўзбекистон суратларда: 14 ҳудуд бўйлаб саёҳат” (“Uzbekistan in Photos: A Journey Through the 14 Regions”)  номли китоб-альбом нашр этилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Лойиҳа Ўзбекистон элчихонаси томонидан мамлакатимизнинг барча 14 та ҳудудининг тарихий-маданий мероси, ноёб табиати, қадимий шаҳарлари ва замонавий туристик имкониятлари билан покистонлик кенг жамоатчиликни яқиндан таништириш мақсадида амалга оширилди. 181 бетдан иборат мазкур нашр 600 нусхада чоп этилди.

Китобда Самарқанд, Бухоро, Хива, Шаҳрисабз, Тошкент ва бошқа тарихий шаҳарлар, уларнинг архитектура ёдгорликлари, қадимий мадрасалар, масжидлар ва мақбаралар акс этган фотосуратлар ўрин олган.

Шунингдек, жаҳон цивилизацияси тараққиётига улкан ҳисса қўшган буюк алломалар, мутафаккирлар ва давлат арбобларининг ҳаёти ҳамда меросига алоҳида эътибор қаратилган. Хусусан, Имом Бухорий, Имом Термизий, Абу Али ибн Сино, Абу Райҳон Беруний, Мирзо Улуғбек ва Алишер Навоий каби сиймолар ҳақида маълумотлар берилган.

Шунингдек ўқинг

Нашрда тарихий мерос билан биргаликда Ўзбекистоннинг замонавий сайёҳлик имкониятлари, жумладан, зиёрат, эко, гастрономик ва этнографик туризм йўналишлари, шунингдек, сайёҳлар учун яратилган инфратузилма кенг ёритилган.

Китобдан Тошкент шаҳрида барпо этилган Ўзбекистон Ислом цивилизацияси маркази ва Самарқанддаги янгиланган Имом Бухорий мажмуаси акс эттирилган суратлар ҳам жой олди. Бу маълумотлар покистонлик ўқувчиларга мамлакатимизнинг ҳам қадимий мероси, ҳам бугунги бунёдкорлик ишлари билан яқиндан танишиш имконини беради.

Янги нашр кўргазмалар, тақдимотлар, туристик роуд-шоулар, форумлар ва ишбилармонлик учрашувларида намойиш этилади, шунингдек, Покистоннинг давлат ташкилотлари, сайёҳлик компаниялари, ОАВ ва кенг жамоатчилик вакиллари ўртасида тарқатилади.

Default Avatar

Материал муаллифи

Zilola Ahmedova

zilola@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш