Тошкентда БМТнинг маҳкум аёллар билан муомала қилиш қоидалари бўйича тренинг бўлиб ўтмоқда
Июль 31, 2024. 14:46 • 2 дақ
• 791
ТОШКЕНТ, 31 июль. /"Дунё" АА/. 29-31 июль кунлари Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Миллий маркази томонидан мамлакатимиздаги ёпиқ муассасалар ва қамоқхоналарда қийноқлар, ғайриинсоний ва қадр-қимматни камситувчи муомала ва жазоларнинг олдини олишда гендерга асосланган ёндашувлардан фойдаланиш бўйича уч кунлик ўқув тренинги ўтказилмоқда, деб хабар қиляпти "Дунё" АА мухбири.

Миллий маркази матбуот хизмати маълумотига кўра, машғулотлар Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Жазони ижро этиш департаменти ҳамкорлигида ва ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги Лойиҳалари мувофиқлаштирувчиси кўмагида ташкил этилди.
Тренингда Жиззах, Самарқанд, Сирдарё ва Тошкент вилоятлари жазони ижро этиш тизимининг 28 нафари ходими иштирок этмоқда. Шунингдек, машғулотларда Ўзбекистон Президенти ҳузуридаги Миллий ижтимоий ҳимоя агентлигининг Сирдарё вилояти Хотин-қизларни реабилитация қилиш ва мослаштириш маркази вакиллари қатнашмоқда.
Бангкок қоидалари, яъни расман "БМТнинг Маҳбус аёллар учун озодликдан маҳрум этиш билан боғлиқ бўлмаган жазо чораларини қўллашга тааллуқли қоидалари" деб номланган халқаро-ҳуқуқий ҳужжат БМТ Бош Ассамблеяси томонидан 2010 йилда қабул қилинган. Ушбу қоидалар жиноий одил судловга гендер жиҳатидан нозик ёндашувни ва маҳкума аёлларнинг ўзига хос эҳтиёжлари ва ҳуқуқлари ҳисобга олинишини таъминлаш йўлидаги муҳим қадам ҳисобланади.
Тингловчилар Бангкок қоидалари асосида ўз назарий билимларини оширди. Айни вақтда вояга етмаганлар ва аёлларни қамоқда сақлаш бўйича халқаро тажрибага оид амалий кўникмаларни эгалламоқда.
Ўзбекистон Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари, Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий маркази директори Акмал Саидов тадбирни очиб берар экан, мамлакатимизда инсон ҳуқуқлари соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг муҳим жиҳатлари ҳақида мухтасар маълумот берди.
Акмал Саидов ўз тақдимотида фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларига риоя этилиши ҳамда ушбу ҳуқуқларнинг ҳимоя қилинишини таъминлаш бўйича яратилган қонунчилик, институционал, таълим ва мониторинг асослари, инсоннинг конституциявий ҳуқуқ ва эркинликларига риоя этилиши устидан ўрнатилган назорат тизимининг моҳияти ҳамда аҳамияти ҳақида гапирди. Шунингдек, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг халқаро ва минтақавий механизмларини ишлаб чиқишга қаратилган ислоҳотларнинг тизимлилиги ва изчиллиги, халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотлари билан ҳамкорлик борасида олиб борилаётган ишлар хусусида тўхталди.
Уч кунлик тренинг якунида тингловчиларга тегишли сертификатлар топширилади.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси
Мавзуга оид
Аёлларнинг давлат бошқарувидаги ролини ошириш бўйича конференция ташкил этилди