Ўзбекистон Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси спикери ва Покистон Сенати раиси икки мамлакат ўртасидаги стратегик шерикликни янада мустаҳкамлаш масалаларини муҳокама қилди
Сентябрь 30, 2025. 17:31 • 2 дақ
• 74
ИСЛОМОБОД, 30 сентябрь. /"Дунё" АА/. Ўзбекистон Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси спикери Нуриддин Исмоилов бошчилигидаги мамлакатимиз делегация Покистон Сенати раиси, мамлакат Президенти вазифасини вақтинча бажарувчи Юсуф Раза Ғилоний билан учрашди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Исломобод шаҳридаги Президент саройида бўлиб ўтган мулоқот чоғида Ўзбекистон ва Покистон ўртасидаги дўстона муносабатларни янада ривожлантириш, стратегик шерикликни мустаҳкамлаш, сиёсий, иқтисодий ва маданий-гуманитар соҳалардаги ҳамкорлик масалалари атрофлича муҳокама қилинди.
Юсуф Раза Ғилоний Ўзбекистонда олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, хусусан янги Конституция қабул қилиниши ва парламент ваколатларининг кенгайтирилганини юқори баҳолади. Шунингдек, Ўзбекистонда Парламентлараро иттифоқнинг 150-сессияси муваффақиятли ўтказилгани билан табриклади. Тадбир доирасидаги учрашувларини, жумладан Президент Шавкат Мирзиёев билан бўлган мулоқотни илиқ хотирлади.
Икки мамлакат раҳбарлари ўртасидаги учрашувлар мунтазам тус олаётгани ва 2025 йил февралда Покистон Бош вазири Шаҳбоз Шарифнинг Ўзбекистонга ташрифи ўзаро муносабатларда янги саҳифа очгани қайд этилди. Мазкур ташриф доирасида стратегик шериклик кенгаши ташкил этилгани ва "Йўл харитаси" ишлаб чиқилгани алоҳида таъкидланди.
Парламентлараро муносабатларни ривожлантириш масаласига алоҳида эътибор қаратилди. Бу борада қонун чиқарувчи органларда ташкил этилган дўстлик гуруҳлари парламентарийлар учун очиқ мулоқот ва фикр алмашиш имкониятини яратаётгани таъкидланди.
Юсуф Раза Ғилоний 11-12 ноябрь кунлари Исломободда ўтказиладиган Парламентлараро спикерлар конференциясига Ўзбекистон парламенти раҳбарларини расман таклиф қилди.
Иқтисодий ҳамкорлик борасида сўнгги йилларда икки мамлакат ўртасидаги савдо ҳажми барқарор ўсиб бораётгани қайд этилди. Покистон томони Трансафғон темир йўлини қуриш лойиҳасини қўллаб-қувватлашини ва Ўзбекистон ишлаб чиқарувчилари учун мамлакат портларидан фойдаланиш учун зарур имкониятларни яратишини тасдиқлади.
Учрашувда, шунингдек, буюк алломалар – Имом ал-Бухорий, Имом ат-Термизий, Аҳмад ал-Фарғоний ва Заҳириддин Муҳаммад Бобур меросини ўрганиш, олий таълим муассасалари ўртасида ҳамкорлик шартномаларини имзолаш, қўшма факультетлар ва ўқув марказларини ташкил этиш, маданий тадбирларни мунтазам ўтказиш масалаларига ҳам эътибор қаратилди.
Учрашувда халқаро ва минтақавий тузилмалар, жумладан БМТ, ШҲТ ва Ислом ҳамкорлик ташкилоти доирасида ҳамкорликни кенгайтириш, ўзаро ташаббусларни қўллаб-қувватлашда давом этишнинг зарурлиги қайд этилди.
Музокаралар якунида Нуриддин Исмоилов Покистон Сенати раисини Ўзбекистонга ташриф буюришга таклиф қилди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси
Мавзуга оид
Сенатда Корея Республикаси Миллий Ассамблеяси раиси билан учрашув бўлиб ўтди
Ўзбекистон ва Венгрия парламентлари ўртасида Англашув меморандуми имзоланди
Олий Мажлис Сенати раиси Венгрия Президенти билан учрашди