Ўзбекистон – Покистон парламентлараро дўстлик гуруҳи йиғилишида ҳамкорликнинг истиқболли йўналишлари белгилаб олинди
Сентябрь 30, 2025. 19:13 • 2 дақ
• 79
ИСЛОМОБОД, 30 сентябрь. /"Дунё" АА/. Ўзбекистон Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикери Нуриддин Исмоилов бошчилигидаги мамлакатимиз делегацияси Покистонга ташрифи доирасида икки мамлакат парламентларидаги дўстлик гуруҳлари учрашуви бўлиб ўтди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Мулоқот аввалида Ўзбекистон делегацияси номидан Покистон Миллий Ассамблеяси Спикери Сардор Аёз Садиқ ва Сенат Раиси Юсуф Раза Ғилонийга кўрсатилаётган самимий меҳмондўстлик учун миннатдорлик изҳор этилди.
Мамлакатларимиз ўртасидаги дўстона муносабатлар мустаҳкам тарихий ва маданий асосларга эга экани, сўнгги йилларда икки давлат олий Раҳбариятининг қатъий сиёсий иродаси ҳамда доимий мулоқоти натижасида барча соҳалардаги алоқалар янги босқичга кўтарилгани таъкидланди.
Парламентлараро ҳамкорликнинг аҳамияти алоҳида қайд этилди. Қонун ижодкорлиги соҳасида тажриба алмашиш, тўғридан-тўғри мулоқотлар ва ўзаро ташрифлар икки халқ манфаатларига хизмат қилиши урғуланди. Шу муносабат билан Ўзбекистон Қонунчилик палатасида Покистон билан ҳамкорлик қилиш учун кенгайтирилган "дўстлик гуруҳи" ташкил этилгани маълум қилинди.
Покистонлик ҳамкорларга Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида амалга оширилаётган ислоҳотлар, жумладан "Ўзбекистон-2030" стратегиясида белгиланган иқтисодий ўсиш, рақамли трансформация, инсон капиталини ривожлантириш ва қонун устуворлиги йўналишлари ҳақида маълумот берилди.
Транспорт ва логистика соҳасида ҳамкорлик масалалари алоҳида муҳокама қилиниб, Ўзбекистон маҳсулотларини Карачи ва Гвадар портлари орқали жаҳон бозорларига чиқариш имкониятлари, шунингдек стратегик аҳамиятга эга Трансафғон темир йўлини қуриш лойиҳаси ҳақида батафсил фикр алмашилди.
Давлатлараро муносабатларда савдо-иқтисодий алоқаларнинг аҳамияти эътироф этилди. Яқин истиқболда икки мамлакат ўртасидаги савдо ҳажмини 2 миллиард долларга етказиш учун Имтиёзли савдо тўғрисидаги битим доирасида маҳсулотлар рўйхатини кенгайтириш, эркин иқтисодий зоналарни биргаликда бошқариш масаласини пухта ишлаб чиқиш ва ҳаётга татбиқ этиш, инвестиция лойиҳаларини жадаллаштиришнинг муҳимлиги қайд этилди.
Маданий-гуманитар соҳада ҳамкорлик масалаларида икки давлат ҳудудида ўтказилаётган маданий тадбирлар, ёшлар форумлари ва туризм ярмаркалари муҳим аҳамият касб этаётгани таъкидланди. Тўғридан-тўғри авиақатновлар халқларимизни янада яқинлаштираётгани таъкидланди.
Учрашув якунида парламентлараро ҳамкорликни янада чуқурлаштириш, дўстлик гуруҳлари мулоқотларига амалий тус бериш ва қонун ижодкорлиги соҳасидаги тажриба алмашувини кучайтириш юзасидан келишувга эришилди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси
Мавзуга оид
Сенатда Корея Республикаси Миллий Ассамблеяси раиси билан учрашув бўлиб ўтди
Ўзбекистон ва Венгрия парламентлари ўртасида Англашув меморандуми имзоланди
Олий Мажлис Сенати раиси Венгрия Президенти билан учрашди