Ўзбекистон Президенти 7-9 октябрь кунлари амалий ташриф билан Туркманистонда бўлади
Октябрь 07, 2026. 13:10 • 2 дақ
• 105
ТОШКЕНТ, 7 октябрь. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Туркманистон Президенти Сердар Бердимуҳамедовнинг таклифига биноан 7-9 октябрь кунлари амалий ташриф билан ушбу мамлакатда бўлади, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Давлатимиз раҳбари матбуот хизмати маълумотига кўра, Президентимиз “Аваза” миллий сайёҳлик зонасида Марказий Осиё ва Озарбайжон давлат раҳбарларининг саккизинчи Маслаҳат учрашувида ҳамда Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигининг навбатдаги саммитида иштирок этади.
Маслаҳат учрашуви кун тартибидан сиёсий-дипломатик ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, савдо-иқтисодий алоқаларни чуқурлаштириш, энергетика соҳасидаги шерикликни кенгайтириш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгаришига мослашиш бўйича қўшма чора-тадбирларни амалга ошириш, маданият, таълим ва илм-фан соҳаларидаги ҳамда ёшлар ўртасидаги алоқаларни ривожлантириш масалалари ўрин олган.
Минтақавий ва халқаро аҳамиятга молик долзарб масалалар ҳамда тинчлик, барқарорлик ва хавфсизликни таъминлашга оид устувор вазифалар юзасидан фикр алмашиш кўзда тутилган.
МДҲ давлат раҳбарлари кенгаши йиғилишида Ҳамдўстлик доирасидаги кўп томонлама ҳамкорлик якунлари сарҳисоб қилиниб, уни янада ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинади. МДҲ ташкил этилганининг 35 йиллигини нишонлашга алоҳида эътибор қаратилади.
Тадбирлар якунида қўшма ҳужжатлар тўпламини қабул қилиш кўзда тутилган.
Ташриф дастурига мувофиқ, қатор икки томонлама учрашувлар ўтказиш ҳам режалаштирилган.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси