Ўзбекистон ва Россия етакчилари телефон орқали мулоқот қилдилар
Ноябрь 12, 2025. 07:25 • 2 дақ
• 96
ТОШКЕНТ, 11 ноябрь. /"Дунё" АА/. Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев бугун Россия Президенти Владимир Путин билан телефон орқали мулоқот қилди, деб хабар бермоқда "Дунё" АА мухбири.

Давлатимиз раҳбари матбуот хизмати маълумотига кўра, Ўзбекистон билан Россия ўртасидаги кенг қамровли стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини олий даражадаги келишувларни амалга ошириш доирасида янада ривожлантириш ва мустаҳкамлашнинг долзарб масалалари муҳокама қилинди.
Товар айирбошлашнинг ўсиш суръатини сақлаб қолиш, иқтисодиётнинг устувор тармоқларида кооперацияни, шу жумладан энергетика соҳасидаги қўшма лойиҳаларни илгари суриш, ҳудудларнинг ишбилармонлик алоқалари ва маданий-гуманитар алмашинувини кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилди.
Жорий йил 22 октябрь куни Москва вилоятида ўтган Ўзбекистон ва Россия ҳудудлари кенгашининг иккинчи йиғилиши самарали бўлгани мамнуният билан қайд этилди.
3 декабрь куни бўладиган Ўзбекистон-Россия Ҳукуматлараро комиссиясининг навбатдаги йиғилиши ва унинг доирасида қўшма бизнес форумини самарали ўтказиш муҳимлиги таъкидланди.
Халқаро ва минтақавий аҳамиятга молик долзарб масалалар юзасидан ҳам фикр алмашилди, бўлажак тадбирларнинг режаси муҳокама қилинди.
Ўзбекистон Президенти матбуот хизмати архивидан олинган сурат
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси