Ўзбекистон Президенти раислигида Наманганни иқтисодий ва инфратузилмавий ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди

Июнь 23, 2026. 17:25 • 5 дақ

65
Ўзбекистон Президенти раислигида Наманганни иқтисодий ва инфратузилмавий ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди

ТОШКЕНТ, 23 июнь. /“Дунё” АА/. Президент Шавкат Мирзиёев бугун Наманган вилоятининг вазиятлар марказида мутасаддиларнинг ҳудудни ривожлантириш юзасидан ахборотларини тинглади, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Давлатимиз раҳбари матбуот хизмати маълумотига кўра, мамлакатимизда ҳудудларни замонавий технологиялар асосида ривожлантириш, давлат бошқаруви ва хизматлар кўрсатиш тизимини рақамлаштириш, сунъий интеллект имкониятларидан кенг фойдаланиш бўйича изчил ишлар амалга оширилмоқда.

Наманганда “ақлли” вазиятлар маркази ташкил этилган бўлиб, унинг мақсади шаҳар ва туманлардаги жараёнларни ягона рақамли тизим орқали таҳлил қилиш, бошқарув қарорларини тезкор қабул қилиш, аҳоли учун қулай ва хавфсиз муҳит яратишдан иборат.

Норин туманидаги Янги Наманган маҳалласида ташкил этилаётган “Маҳалла ахборот ва хизмат маркази” лойиҳаси тақдимот қилинди.

Мазкур марказ орқали 8 та маҳаллада истиқомат қилувчи 27 минг нафардан ортиқ аҳолига 980 турдаги хизматлар маҳалланинг ўзида, “ягона дарча” тамойили асосида кўрсатилиши режалаштирилган. Бунда ижтимоий ҳимоя, бандлик, профилактика, солиқ, жиноятчилик, таълим ва ҳудуднинг бошқа муҳим кўрсаткичларига оид маълумотлар ягона рақамли тизимга интеграция қилинади.

Профилактика инспекторлари фаолияти самарадорлигини янада оширишга қаратилган тақдимотда эса ҳуқуқбузарликлар профилактикасига оид 18 турдаги жараён рақамлаштирилиб, ходимларнинг планшетларига интеграция қилингани маълум қилинди. Шунингдек, инспекторлар замонавий боди-камералар билан таъминланиб, уларнинг фаолияти вазиятлар маркази билан узвий боғланган.

Шу ерда Президентимизга Наманган вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг янги устувор йўналишлари юзасидан ахборот берилди.

Сўнгги йилларда Наманганда саноат ҳажми 4,6 триллион сўмдан 40 триллион сўмга етгани қайд этилди. Жорий йилда Наманганда ялпи ҳудудий маҳсулотни 9,2 фоиз, саноатни 9 фоиз, хизматларни 17 фоиз, қишлоқ хўжалигини 6,8 фоизга ошириш вазифаси белгиланган. Эндиликда машинасозлик, металлургия, енгил саноат, хизматлар ва янги иқтисодиёт йўналишларини вилоятнинг асосий драйверларига айлантириш зарурлиги кўрсатиб ўтилди.

Ҳудудларни ривожлантиришда илмий ёндашувни кучайтириш мақсадида 14 та “ақл маркази” Наманган мисолида янги иш услубига ўтади. Улар туман ва шаҳарларда иқтисодий диагностика ўтказиб, меҳнат унумдорлиги, инвестиция сифати, кооперация, бизнес фаоллик ва қўшимча қиймат занжирлари бўйича янги резервларни аниқлайди.

Мутасаддиларга 1 сентябргача ҳар бир туманнинг саноат салоҳиятини тўлиқ ўрганиб, натижаси бўйича янги дастур ишлаб чиқиш топширилди. “Ақл марказлари” томонидан тайёрланган ҳар бир илмий иш амалиётга жорий қилиниши, ҳудуд ёки тармоқ ривожига хизмат қилиши шартлиги таъкидланди.

Тадбиркорликни ривожлантириш ва бизнес инфратузилмасини яхшилаш учун жорий йилда Наманган вилоятига бюджетдан 4,5 триллион сўм ажратилган. Кичик ва ўрта бизнес учун 6,5 триллион сўм ресурс йўналтирилмоқда.

Вилоятда йил якунига қадар 80 минг аҳолини доимий ишга жойлаштириш, 314 минг нафар фуқаронинг даромадини ошириш, 21 минг оилани камбағалликдан чиқариш вазифаси қўйилган.

Беш ойда 23,5 минг аҳоли доимий ишли бўлди, 8 мингдан зиёд оила камбағалликдан чиқарилди. Шу билан бирга, айрим туманларда ишсизлик ва камбағаллик кўрсаткичлари юқорилигича қолаётгани танқид қилинди. Мутасаддиларга бандлик, тадбиркорлик ва камбағалликни қисқартириш бўйича ишлар натижадорлигини ошириш топширилди.

Қишлоқ хўжалигида ҳам янги имкониятлар кўрсатиб ўтилди. Косонсой туманида чорвачиликни ривожлантириш, йил якунигача 4 минг 700 гектар майдонда озуқабоп экинлар етиштириш, қорамол ва қўй-эчки сонини икки карра кўпайтириш вазифаси қўйилди.

Поп туманида адир ерлардан самарали фойдаланиб, саноатлашган органик боғлар ташкил этиш тажрибасини кенгайтириш топширилди. Йил якунигача яна 400 гектар адирда саноатлашган боғ ташкил этилади, бир ой муддатда эса қўшимча 2 минг 800 гектар майдонда амалий ишлар бошланади.

Ёшларни замонавий касб-ҳунарга ўқитиш масаласига алоҳида эътибор қаратилди. Наманганда халқаро стандартларга мос камида 5 та хусусий ўқув-баҳолаш марказини ташкил этиб, шу йилнинг ўзида 20 минг нафар ёшларни ўқитишни бошлаш вазифаси белгиланди.

Мутасаддиларга меҳнат бозоридаги янги талаблардан келиб чиқиб, замонавий касбларга бўлган эҳтиёжни шакллантириш, ўқув-баҳолаш марказлари учун техникумлар биноларидан жой ажратиш, мавжуд техникумларда таъмирлаш ва ободонлаштириш ишларини янги ўқув йилигача якунлаш топширилди.

Инвестиция ва экспорт масалалари ҳам муҳокама қилинди. Жорий йилда Наманганга 5 миллиард доллар хорижий инвестиция жалб қилиш, экспортни 1,2 миллиард долларга етказиш мақсад қилинган. Бешинчи Тошкент халқаро инвестиция форуми доирасида вилоят бўйича 3 миллиард долларлик 43 та келишувга эришилган.

Экспорт салоҳиятини ошириш учун ҳар бир туман ва шаҳар кесимида ишлаш, маҳсулотни ишлаб чиқаришдан тортиб, стандарт, сертификатлаш, қадоқлаш, логистика ва божхона расмийлаштирувигача бўлган жараёнларни қамраб оладиган “Ягона экспорт экотизими”ни Наманган мисолида йўлга қўйиш топширилди.

Жорий йил вилоятда 130 километр ичимлик суви ва 2,5 километр канализация тармоғи тортиш, 9 та янги сув иншоотини қуриш учун 703 миллиард сўм ажратилган. Бу орқали 34 минг аҳоли илк бор марказлашган ичимлик суви билан таъминланади, 25 минг аҳоли канализация тармоғига уланади.

“Пунган – Наманган” автомобиль йўлининг 75 километрини реконструкция қилиш, уни 4 тасмали бетон қопламали йўлга айлантириш, 21 та кўприк ва 22 та пиёдалар ўтиш жойини барпо этиш режалаштирилган.

Жамоат транспортини ривожлантириш мақсадида 1 сентябргача 90 та автобус, 50 та электробус ва 30 та микроавтобус, келгуси йил 1 июлгача яна 105 та электробус олиб келиш топширилди. Шу йилнинг ўзида Наманган шаҳрида канализация тизимини хусусий шериклик асосида реконструкция қилиш бўйича амалий ишлар бошланади.

Соғлиқни сақлаш соҳасида бирламчи тиббий-санитария ёрдамининг янги моделини Косонсой ва Уйчи туманларида ҳам жорий этиш белгиланди. Шунингдек, инфаркт ва инсультга қарши курашиш миллий дастури октябрь ойидан Наманган, Андижон ва Фарғона вилоятларида йўлга қўйилади.

Йиғилишда яширин иқтисодиётни қисқартириш, жиноятчилик профилактикаси ва ёшлар билан манзилли ишлаш масалалари ҳам кўриб чиқилди.

Бош вазир ўринбосарлари, ҳудудлар раҳбарлари ва бошқа мутасаддиларнинг ҳисоботлари тингланди.

Default Avatar

Материал муаллифи

Адилбек Каипбергенов

editor1@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш