Ўзбекистон Президенти “Навбаҳор” футбол клубининг академиясида бўлди

Июнь 23, 2026. 17:52 • 2 дақ

52
Ўзбекистон Президенти “Навбаҳор” футбол клубининг академиясида бўлди

ТОШКЕНТ, 23 июнь. /“Дунё” АА/. Президент Шавкат Мирзиёев бугун Наманган вилоятига ташрифи доирасида “Навбаҳор” футбол академиясига ташриф буюриб, бу ерда ёш футболчилар учун яратилган шарт-шароитлар ва ўқув-машғулот жараёнлари билан танишди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Давлатимиз раҳбари матбуот хизмати маълумотига кўра, Наманган вилояти ўзининг бой футбол анъаналари ва иқтидорли футболчилари билан мамлакатимизда алоҳида ўрин тутади. Ёш авлодни халқаро стандартлар асосида тайёрлаш мақсадида “Навбаҳор” академияси уч йил муддатга дунёнинг етакчи футбол мактабларидан бири саналган Нидерландиянинг “Аякс” футбол академияси бошқарувига берилди.

"Аякс" дунёдаги энг машҳур академия ҳисобланади (1900 йилда ташкил этилган) ва ўз тарбияланувчиларини Европанинг машҳур клубларига ўтказиш орқали ҳар йили ўртача 50-70 миллион евро даромад олади.

Келишувга асосан, клублар ўртасида қўшма ўсмирлар футбол академияси ташкил этилиб, ўзбекистонлик ёш футболчилар ва мураббийларни тайёрлаш бўйича “Аякс”нинг бошқарув модели жорий этилади.

Шунингдек ўқинг

Ҳозирги кунда академияда хорижий мутахассислар, жумладан, мураббий ва скаутлар фаолият юритиб, маҳаллий ёшларни Европа футбол стандартлари асосида тайёрлаш ишларини олиб боряпти.

Президентимиз академия инфратузилмаси, машғулот майдонлари ҳамда тарбияланувчилар учун яратилган имкониятларни кўздан кечирди. Шунингдек, ёш футболчилар ва хорижий мутахассислар билан суҳбатлашиб, уларнинг орзу-интилишлари ва келгуси режалари билан қизиқди.

Учрашув давомида мамлакатимизда футболни янада ривожлантириш, иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлаш ва Ўзбекистон миллий терма жамоасининг халқаро майдонлардаги иштирокини кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.

Давлатимиз раҳбари академия тарбияланувчилари билан суратга тушди.

Default Avatar

Материал муаллифи

Адилбек Каипбергенов

editor1@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш