Ўзбекистон Президенти раислигида ижтимоий ҳимоя тизимини янада такомиллаштириш бўйича таклифлар кўриб чиқилди
Август 03, 2026. 18:20 • 5 дақ
• 57
ТОШКЕНТ, 3 август. /“Дунё” АА/. Президент Шавкат Мирзиёев бугун алоҳида таълим эҳтиёжлари бўлган болаларни таълим ва ижтимоий хизматлар билан қамраб олиш, муайян яшаш жойига эга бўлмаган ҳамда одам савдосидан жабрланган шахсларни қўллаб-қувватлаш, шунингдек, имтиёзли транспорт хизматларини рақамлаштиришга қаратилган таклифлар тақдимоти билан танишди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Давлатимиз раҳбари матбуот хизмати маълумотига кўра, кейинги йилларда мамлакатимизда ижтимоий хизматларни аҳолига яқинлаштириш, эҳтиёжманд фуқароларни манзилли қўллаб-қувватлаш ва соҳага нодавлат секторни жалб этиш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Сўнгги уч йилда ижтимоий хизматлар сони 23 тадан 140 тага етди. Ҳар йили ўртача 4,6 миллионта, жумладан, маҳалла даражасида қарийб 2 миллионта ижтимоий хизмат кўрсатилмоқда.
Бугунги кунда мамлакатимизда ногиронлиги бўлган 168 мингдан ортиқ бола бор. Уларнинг 133,8 минг нафари таълим ва ижтимоий хизматлар билан қамраб олинган. Яна 34,6 минг нафар болани таълимга жалб этиш зарур.
Бунинг учун ижтимоий ходимлар иштирокида “оилабай” ишлаш тизими йўлга қўйилади. Ҳар бир боланинг эҳтиёжлари эрта босқичда ва комплекс баҳоланиб, унга мос таълим муҳити ҳамда зарур хизматлар белгиланади. Янги баҳолаш механизми 2026 йил 1 октябрдан Хоразм ва Навоий вилоятларида тажриба тариқасида жорий этилади.
2026/2027 ўқув йилидан махсус мактабларда таълим боланинг эҳтиёжлари, функционал имкониятлари ва ўзлаштириш даражасидан келиб чиқиб тузиладиган индивидуал режалар асосида ташкил этилади. Кўзи ожиз педагогларга, шунингдек, махсус мактабларнинг бошланғич синфларига шахсий ассистент ва ёрдамчи ходимлар ажратилади.
Ногиронлиги бўлган болаларнинг уйига яқин жойда таълим олишига шароит яратиш мақсадида коррекцион синфлар ташкил этган нодавлат мактабларга ҳар бир ўқувчи учун субсидия ажратилади. Ҳар йили камида 50 та мактабнинг инклюзив муҳитни яхшилашга қаратилган ташаббуслари грант асосида молиялаштирилади.
2027 йилдан болаларни матнни ўқиш қурилмалари, овоз синтезаторлари, Брайл дисплейлари ва бошқа ассистив жиҳозлар билан ваучер асосида таъминлаш таклиф этилди. 2027/2028 ўқув йилидан эса ногиронлиги бўлган шахсларга кириш ва сертификат имтиҳонларида қўшимча вақт, Брайл алифбоси, сурдотаржимон, ассистент ва бошқа зарур шароитлар яратилади.
Муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахсларга ижтимоий хизматлар кўрсатиш тизимини такомиллаштириш бўйича ҳам янги ёндашувлар ишлаб чиқилган. Ҳозир республикада жами 726 ўринга мўлжалланган 11 та реабилитация маркази фаолият кўрсатмоқда. 2026 йилнинг биринчи ярмида уларга 1,1 минг нафар шахс жойлаштирилган.
Амалдаги реабилитация муассасалари вақтинчалик бошпана ва ижтимоий тикланиш марказларига айлантирилади. Бошпанасиз шахслар ушбу марказларга ўз мурожаати асосида, “маҳалла еттилиги”нинг ўрганиш натижаларига кўра ёки ижтимоий ходим ва профилактика инспектори кўмагида жойлаштирилади. Уларнинг ҳар бири учун индивидуал режа ишлаб чиқилиб, ҳужжатларни тиклаш, тиббий ва ижтимоий хизматлар кўрсатиш, касбга ўқитиш ҳамда ишга жойлаштириш чоралари белгиланади.
Марказларда бандликни қўллаб-қувватлаш бўлинмалари ташкил этилиб, тадбиркорларга бўш жойлар имтиёзли шартларда ижарага берилади. Бошпанасиз шахсларга касбга ўқиш учун ваучер ажратиш, уларни ижтимоий эҳтиёжманд тоифалар қаторига киритиш ва улар учун иш ўринларини захиралаш назарда тутилмоқда. Нодавлат ташкилотларга давлат ижтимоий буюртмаларини жойлаштириш орқали вақтинчалик бошпана, иссиқ овқат ва кийим-бош билан таъминлаш қамрови кенгайтирилади.
Одам савдосидан жабрланган шахсларни аниқлаш ва реабилитация қилиш механизмларини кучайтириш масалалари ҳам муҳокама қилинди.
2026 йил 1 сентябрдан “Инсон” ижтимоий хизматлар марказлари орқали маҳалла ва туман даражасида одам савдосидан жабрланган шахсларнинг ҳолатини баҳолаш ва тегишли хизматларга йўналтириш тизими жорий этилади.
Аёлларни реабилитация қилиш ва мослаштириш республика маркази ҳамда унинг ҳудудий марказлари Аёллар ва болаларни реабилитация қилиш республика маркази ва ҳудудий марказлари этиб қайта номланади. Қорақалпоғистон Республикаси, Қашқадарё, Самарқанд ва Фарғона вилоятларидаги ҳудудий марказларда одам савдосидан жабрланган хотин-қизлар ва уларнинг вояга етмаган фарзандларини қабул қилиш ҳамда уларга хизмат кўрсатиш йўлга қўйилиб, қўшимча 40 та ўрин яратилади.
Шу билан бирга, бола савдоси учун алоҳида жиноий жавобгарлик белгилаш, одам савдоси билан боғлиқ жиноят содир этган шахсларнинг меҳнат ва ташқи миграция хизматлари билан шуғулланиш ҳуқуқини чеклаш, кўрсатилаётган хизматларни мунтазам мониторинг қилиш таклиф этилди.
Имтиёзли транспорт хизматларидан фойдаланиш тартибини соддалаштириш масалалари ҳам кўриб чиқилди. Бугунги кунда 1941-1945 йиллардаги уруш ногиронлари ва қатнашчилари, уларга тенглаштирилган шахслар, шунингдек, Чернобиль АЭСдаги ҳалокат оқибатларини бартараф этишда қатнашган 48,4 мингдан зиёд фуқаро бундай имтиёзлардан фойдаланиш ҳуқуқига эга. 2025 йилда улар транспорт хизматларидан 1,7 миллион марта фойдаланган.
Янги тартибга кўра, 11 тоифадаги фуқароларга ҳаво, темир йўл ва шаҳарлараро транспортда бепул юриш ёки 50 фоизлик чегирма берилади. Қоғоз талонлар бекор қилиниб, чипта харид қилиш учун ID-карта ёки биометрик паспортни тақдим этиш кифоя қилади. Имтиёз ҳуқуқи “Ягона миллий ижтимоий ҳимоя” ахборот тизими орқали текширилади.
2027 йил 1 январдан имтиёзли авиа, темир йўл ва шаҳарлараро автобус чипталарини “Baraka” ижтимоий карта мобил иловаси орқали онлайн харид қилиш имконияти яратилади.
Давлатимиз раҳбари тақдим этилган таклифларни маъқуллаб, янги хизматларни жойларда сифатли йўлга қўйиш ва белгиланган чора-тадбирлар ижросини қатъий назорат қилиш бўйича топшириқлар берди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси