Ўзбекистон Президенти раислигида нефть-газ тармоғидаги ишлар ҳолати кўриб чиқилди

Август 03, 2026. 17:10 • 3 дақ

108
Ўзбекистон Президенти раислигида нефть-газ тармоғидаги ишлар ҳолати кўриб чиқилди

ТОШКЕНТ, 3 август. /“Дунё” АА/. Президент Шавкат Мирзиёевга бугун “Ўзбекнефтгаз” акциядорлик жамиятининг жорий йил биринчи ярмидаги фаолияти ва йил якунига қадар устувор вазифалари юзасидан ҳисобот берилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Давлатимиз раҳбари матбуот хизмати маълумотига кўра, жорий йилнинг биринчи ярмида жамият томонидан 11,5 миллиард куб метр табиий газ қазиб чиқарилди. Айни пайтда нефть, дизель ёнилғиси, авиакеросин ва суюлтирилган газ ишлаб чиқариш ҳажми прогноз кўрсаткичларидан юқори бўлди.

Йил якунига қадар 1 миллион 100 минг тонна автобензин, 983 минг тонна дизель ёнилғиси, 310 минг тонна авиакеросин, 606 минг тонна суюлтирилган газ ва қарийб 1 миллион 180 минг тонна синтетик маҳсулот ишлаб чиқариш кўзда тутилган.

Дунёдаги геосиёсий вазият кескинлашиши натижасида Марказий Осиё йўналишида авиақатновлар сони ортиб бормоқда. Жумладан, Ўзбекистонга амалга оширилаётган рейслар сони 2025 йилга нисбатан кўпайган. Жорий йил июль-декабрь ойларида авиакеросинга бўлган талаб 375 минг тоннани ташкил этиши, яъни ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 27 фоизга ўсиши кутилмоқда. Унинг асосий қисми маҳаллий нефтьни қайта ишлаш заводлари ҳисобидан қопланади.

Шу билан бирга, айрим ҳамкор мамлакатларда нефть маҳсулотлари экспортига чекловлар жорий этилгани сабабли муқобил манбалардан, жумладан, Грузия, Ироқ ва бошқа давлатлардан авиакеросин импорт қилиш йўлга қўйилди.

Геология-қидирув ишларининг сифати ва ҳажмини ошириш мақсадида “Ўзбекгеофизика” акциядорлик жамиятини модернизация қилиш режалари ҳақида ҳам ахборот берилди. Кон-геофизика ускуналарини янгилаш ва замонавий дала 3D сейсмик мажмуасини харид қилиш учун 38,8 миллион доллар йўналтириш кўзда тутилган.

Шунингдек ўқинг

Шунингдек, хорижий компаниялар, хусусан, АҚШнинг “Schlumberger” компанияси билан ҳамкорликда сейсмик маълумотларни қайта ишлаш марказини ташкил этиш бўйича ишлар олиб борилаётгани маълум қилинди. Марказда замонавий суперкомпьютер мажмуаси ўрнатилади, янги дастурий таъминотлар харид қилиниб, сейсмик тадқиқотларда сунъий интеллектдан кенг фойдаланиш йўлга қўйилади.

Мазкур тадбирлар ҳисобига йиллик 3D сейсмик тадқиқотлар майдони 1 минг 800 квадрат километрдан 5 минг квадрат километрга, ўрганиш чуқурлиги эса 4,5 минг метрдан 8 минг метрга етказилади. Тайёрланадиган истиқболли геологик тузилмалар сони 19 тадан 30 тага ошади.

Қудуқлар қурилишида юқори ҳарорат ва босимга чидамли материаллар, ультратовушли каротаж, реал вақт режимида геофизик назорат ҳамда горизонтал бурғилаш технологияларини жорий этиш чоралари белгиланган. Бу мураккаб геологик шароитларда қудуқлар ишончлилигини ошириш, маҳсулдор қатламлардан самарали фойдаланиш ва юқори дебитга эришиш имконини беради.

Давлатимиз раҳбари аҳоли ва иқтисодиёт тармоқларини нефть маҳсулотлари билан барқарор ва узлуксиз таъминлаш чораларини кўриш бўйича топшириқлар берди.

Шунингдек, тармоқ корхоналарини технологик янгилаш, энергия самарадорлигини ошириш, ишлаб чиқариш харажатларини қисқартириш ва белгиланган чора-тадбирлар ижросини қатъий назорат қилиш вазифаси қўйилди.

Default Avatar

Материал муаллифи

Адилбек Каипбергенов

editor1@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш