Ўзбекистон Президенти Беларусь делегациясини қабул қилди
Июль 20, 2026. 21:01 • 2 дақ
• 247
ТОШКЕНТ, 20 июль. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев бугун Беларусь Бош вазири ўринбосари Виктор Каранкевич бошчилигидаги делегацияни қабул қилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Давлатимиз раҳбари матбуот хизмати маълумотига кўра, учрашув аввалида юқори мартабали меҳмон Ўзбекистон етакчисига Беларусь Президенти Александр Лукашенконинг самимий саломи ва эзгу тилакларини етказди.
Ўзбекистон билан Беларусь ўртасидаги стратегик шериклик муносабатларини янада кенгайтиришнинг долзарб масалалари кўриб чиқилди.
Мамлакатимиз етакчисининг шу йил 8-9 июль кунлари Минск шаҳрига амалга оширган расмий ташрифи, энг аввало, савдо-иқтисодий соҳада самарали натижалар бергани мамнуният билан қайд этилди.
Товар айирбошлаш ҳажмини 2 миллиард долларга етказиш ҳамда иқтисодиётнинг устувор тармоқларида кооперация лойиҳаларини илгари суриш мақсадида қабул қилинган чора-тадбирлар режасини ўз вақтида амалга ошириш муҳимлиги таъкидланди.
Юртимизда биринчи атом электр станцияси ва турдош инфратузилмани барпо этишда Беларусь тажрибасидан фойдаланиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Бўлажак атом электр станциясини лойиҳалаш, қуриш ва эксплуатация қилиш жараёнларини экспертлик жиҳатидан қўллаб-қувватлаш, соҳа учун миллий кадрларни тайёрлаш ҳамда тегишли олий таълим муассасалари ўртасида қўшма дастурларни йўлга қўйиш шулар жумласидан.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси