Ўзбекистон Президенти Вашингтон шаҳрида АҚШ сенаторини қабул қилди
Ноябрь 06, 2025. 09:37 • 2 дақ
• 378
ТОШКЕНТ, 6 ноябрь. /"Дунё" АА/. Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев кеча Вашингтон шаҳрига амалий ташриф доирасида ўзига ажратилган қароргоҳда АҚШ Сенатидаги Марказий Осиё бўйича кокуснинг ҳамраиси, сенатор Стив Дэйнсни қабул қилди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Давлатимиз раҳбари матбуот хизмати маълумотига кўра,
Ўзбекистон билан АҚШ ўртасидаги стратегик шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлаш ва кўп қиррали ҳамкорликни кенгайтириш масалалари кўриб чиқилди.
Давлатимиз раҳбари парламентлараро алоқаларга, хусусан, Сенатдаги Марказий Осиё бўйича кокус фаолиятига юқори баҳо берди.
Икки томонлама ҳамкорликда мисли кўрилмаган юксак даражага эришилгани мамнуният билан қайд этилди. Ўзаро савдо кўрсаткичлари ўсмоқда, АҚШнинг етакчи компаниялари билан муваффақиятли кооперация лойиҳаларининг сони кўпаймоқда.
Кейинги ойларда рекорд қийматдаги келишув ва шартномалар имзоланди. Бу галги ташриф давомида янги иқтисодий ҳужжатлар имзоланиши режалаштирилган. АҚШ Конгресси мазкур келишувларнинг амалга оширилишини қўллаб-қувватлаши муҳим экани таъкидланди.
Сенатор Стив Дэйнс вакиллик қилаётган Монтана штати билан фаол ҳамкорликни давом эттиришга алоҳида эътибор қаратилди. Штат ишбилармонларининг делегациясини Ўзбекистонга ташрифини ташкил этиш бўйича келишувга эришилди.
Шунингдек, томонларни қизиқтирган долзарб халқаро ва минтақавий масалалар юзасидан фикр алмашилди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси