Чилида кучли жала натижасида 10 киши вафот этди, мамлакатда фавқулодда ҳолат эълон қилинди
Июль 23, 2026. 14:00 • 2 дақ
• 57
САНТЬЯГО, 23 июль. /“Дунё” АА/. Чилида бир ҳафтадан бери давом этаётган жала камида 10 кишининг умрига зомин бўлди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири “AP” агентлиги маълумотларига таяниб.
Президент Хосе Антонио Каст ҳукумати сўнгги ўн йилликлардаги энг йирик табиий офат туфайли мамлакатда фавқулодда ҳолат эълон қилди. Одатда қурғоқчил бўладиган Атакама ва Кокимбо шимолий вилоятларида кучли ёмғир ва шиддатли шамол давом этмоқда. Ҳукумат тошқинлар натижасида алоқадан узилиб қолган 100 мингдан ортиқ аҳолига ёрдам беришга бор эътиборини қаратган.
Расмийларнинг маълум қилишича, бўронлар оқибатида 16 киши жароҳатланган, 4 мингдан ортиқ одам ўз уй-жойини тарк этишга мажбур бўлган. Улардан 1031 нафари фавқулодда бошпаналарда жон сақламоқда. Яна минглаб одамлар электр энергияси ва ичимлик сувисиз қолган.
Ёғингарчилик ҳозирга қадар 81 та уйни бутунлай вайрон қилган ва 20 мингдан ортиқ хонадонга зарар етказган. Чилининг табиий офатларга қарши кураш миллий хизмати – “Senapred” мамлакатнинг 16 та вилоятидан 10 тасига юзлаб эвакуация ҳақидаги огоҳлантиришларни юборди.
“Senapred” хабарига кўра, тошган дарёлар ва сув босган йўллар туфайли 104 271 киши қамалиб қолган. Агентликнинг огоҳлантиришича, ёғингарчилик камайган бўлса-да, дарёлардаги сув сатҳи хавфли даражада сақланиб қолмоқда.
“Дарёлардаги сув сатҳи ёғингарчилик билан бир вақтнинг ўзида кўтарилиши шарт эмас. Сув тоғолди ҳудудларида тўпланади. Бу эса бўрон ўтиб кетганидан кейин ҳам бир неча соат давомида дарёлардаги сув сатҳи кўтарилишда давом этиши мумкинлигини англатади”, – деди “Senapred” раҳбари Алисия Себриан.
Метеорологлар Чилидаги кучли ёғингарчиликни Тинч океанида табиий равишда юзага келадиган, ҳароратни ошириб, экстремал об-ҳаво ҳодисаларига сабаб бўладиган кучли “Эль-Нино” ҳодисасининг қайтиши билан изоҳламоқда. “Эль-Нино” одатда Жанубий Америкада ҳар 2–7 йилда бир марта кузатилиб, кучли ёғингарчилик кўпинча бир неча ойгача давом этиши мумкин.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси