Ўзбекистонда имконияти чекланган болаларга қандай ёрдам ва хизматлар кўрсатилмоқда?
Июль 19, 2025. 11:30 • 3 дақ
• 156
ТОШКЕНТ, 20 июль. /"Дунё" АА/. Ўзбекистонда аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини фаол қўллаб-қувватлаш ва ижтимоий мослашувига қаратилган бир қатор дастур ва ташаббуслар амалга оширилмоқда, деб хабар қиляпти "Дунё" АА мухбири.

Хусусан, имконияти чекланган болаларнинг ривожланиши учун сифатли ижтимоий хизматлар йўлга қўйилиб, улар ҳар томонлама қўллаб-қувватланмоқда.
Ўзбекистон Президенти ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги томонидан ташкил этилган пресс-тур доирасида "Дунё" АА мухбири инклюзив жамият қуришга ҳисса қўшаётган, одамларнинг дарди билан яшаётган инсонлар билан суҳбатлашди.
Ирода Ҳамидова, "Wunderkind" мактабининг бошланғич синф ўқитувчиси:
– Мактабимиз қошида 9 нафар тарбияланувчига мўлжалланган имконияти чекланган болалар учун махсус марказда айни пайтда 7 нафар бола тарбияланмоқда. Уларга икки нафар мутахассис тарбиячи ва бир нафар ёрдамчи тарбиячи қарайди.
Марказда болаларнинг ақлий ва жисмоний ривожланиши учун барча шароитлар яратилган. Ҳафтада беш кун, 9 соатлик кун тартибида ишлаймиз. Тарбиячилар болалардаги элементар кўникмаларни ривожлантиришга, масалан, қошиқ ушлаши ёки қалам ушлаб ижодий қобилиятларини намоён қилишига чин дилдан ҳаракат қилмоқда.
Ушбу марказ давлатимиз раҳбарининг имконияти чекланган шахсларни қўллаб-қувватлаш ташаббуси доирасида очилган.
Бугунги кунда бизда турли хизматлар, шу жумладан, психолог хизмати мавжуд бўлиб, ундан нафақат болалар, балки уларнинг ота-оналари ҳам фойдаланиши мумкин.
Марказ келгусида янада юқори натижаларга эришишига ишонаман. Бунинг учун раҳбариятимиз ва муассисларимиз томонидан барча шароитлар яратилмоқда. Бундай масъулиятли ишни юритиш учун болаларни чин дилдан яхши кўриш керак деб ўйлайман. Ўқитувчи боланинг қалбини эшита олиши ва унга ёрдам беришга тайёр бўлиши керак.
Фарҳод Комилов, Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги Ногиронлиги бўлган шахслар учун тиббий-ижтимоий хизматларни ривожлантириш бошқармаси бош мутахассиси:
– Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги 2025 йил 1 мартдан бошлаб республиканинг 7 та ҳудуди, шу жумладан, Тошкент шаҳрида кундузги парвариш хизматини тажриба-синов тариқасида ташкил этди. 1 октябрга қадар ушбу хизматни мамлакатнинг бошқа ҳудудларида ҳам жорий этиш режалаштирилган. Ҳозирги кунга қадар республиканинг барча туманларида тадбиркорлар билан давлат-хусусий шериклик асосида шартномаларни имзолашга эришдик.
Бугунги кунда кундузги парвариш хизмати билан 1200 нафар бола қамраб олинган. Шу ўринда, уларнинг ўзига хос хусусиятлари ва эҳтиёжлари ҳақида жамоатчиликни кенгроқ хабардор қилиш керак, деб ҳисоблаймиз.
Агентликнинг ҳудудий бошқармалари ҳузурида психологик, тиббий ва педагогик комиссиялар фаолият кўрсатмоқда. Ушбу комиссиялар алоҳида таълим эҳтиёжлари бўлган болаларни комплекс текширувдан ўтказади ва улар учун энг мақбул таълим шакли тўғрисида хулосалар беради. Бу инклюзив, махсус таълим ёки кундузги парвариш хизматига хулоса (йўлланма) бўлиши мумкин.
Шу ўринда таъкидлаш керакки, кундузги парвариш хизмати таълим жараёнини ўз ичига олмайди. У фақат тарбия ва парваришга йўналтирилган. Тадбиркор кунига 9 соат давомида бола парваришини таъминлайди, бу эса ота-оналарга дам олиш, ишга жойлашиш ёки бошқа ишлар билан шуғулланиш имконини беради.
Ота-оналар билан қўшимча келишув асосида боланинг марказда бўлиши узоғи билан 12 соатгача узайтирилиши мумкин. Аммо ҳар қандай ҳолатда ҳам бола уйга – ота-онаси бағрига қайтиши лозим.
Асосий мақсадимиз болаларни интернат муассасаларига тушиш ҳолатларини камайтириш ёки умуман олдини олишдир. Кундузги парвариш хизматлари айнан шу мақсадда ташкил этилган.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси
Мавзуга оид
Женевадаги Миллатлар саройида Ўзбекистон Конституцияси куни ўтказилди
Женевада “Янги Ўзбекистон: Шавкат Мирзиёев йўли” китобининг тақдимоти бўлди
“Саодат” журналининг бир асрлик юбилей байрами нишонланди
Тошкентда Ўзбекистон ташқи ишлар вазири кубоги учун тезкор шахмат турнири ўтказилмоқда
Қорақалпоқ ўтови ЮНЕСКО Репрезентатив рўйхатига киритилди