Тошкентда инсон ҳуқуқлари бўйича V Самарқанд форуми ўз ишини бошлади

Сентябрь 28, 2026. 11:00 • 2 дақ

• 339
Тошкентда инсон ҳуқуқлари бўйича V Самарқанд форуми ўз ишини бошлади
Тошкентда инсон ҳуқуқлари бўйича V Самарқанд форуми ўз ишини бошлади

ТОШКЕНТ, 28 сентябрь. /“Дунё” АА/. Бугун пойтахтимизда “Инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро пактларнинг 60 йиллиги ва Тараққиёт ҳуқуқи тўғрисидаги декларациянинг 40 йиллиги: инсон қадр-қиммати, тенглик ва барқарор ривожланиш йўлидаги глобал шериклик” мавзусига бағишланган инсон ҳуқуқлари бўйича V Самарқанд форуми ўз ишини бошлади, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Халқаро форумда онлайн ва офлайн форматларда 200 нафардан ортиқ эксперт иштирок этмоқда. Форум дастуридан Олий Мажлис Сенати раиси Танзила Нарбаева, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси спикери Нуриддин Исмоилов, БМТнинг Ўзбекистондаги доимий координатори Сабина Махл ва бошқаларнинг сўзга чиқиши режалаштирилган.

Очилиш маросимида сўзга чиққан Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Миллий маркази директори Акмал Саидов ҳар икки йилда анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган халқаро конференция қисқа вақт ичида инсон ҳуқуқлари соҳасидаги долзарб масалаларни муҳокама қилиш ва самарали ечимлар топиш учун ноёб мулоқот майдонига айланганини таъкидлади.

Бу галги форум қатор муҳим саналарга тўғри келаётгани таъкидланди. Жорий йилда Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пакт ҳамда Иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пакт қабул қилинганига 60 йил, Тараққиёт ҳуқуқи тўғрисидаги декларация қабул қилинганига 40 йил ҳамда Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази ташкил этилганига 30 йил тўлади.

Шунингдек ўқинг

Форумда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасидаги замонавий глобал хатарларга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хусусан, сунъий интеллект ва рақамли технологияларнинг жадал ривожланиши янги имкониятлар очиш билан бир вақтда, янги ҳуқуқий ва ахлоқий хавфларни ҳам келтириб чиқармоқда.

Шу муносабат билан иштирокчилар замонавий воқеликни ҳисобга олган ҳолда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг универсал тизимини такомиллаштириш, шунингдек, ушбу соҳадаги халқаро ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилмоқда.

Дастурга мувофиқ, форумнинг биринчи куни Тошкентда иккита ялпи мажлис ва еттита параллел шўба сессияси бўлиб ўтади. Иккинчи куни тадбирлар Самарқанд шаҳрида давом этиб, у ерда якуний ялпи мажлис бўлиб ўтади. Унда форумнинг Якуний ҳужжатини муҳокама қилиш ва қабул қилиш режалаштирилган.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш