Logo

Тошкент шаҳрида маданий анъаналар ва миллий таомлар фестивали бўлиб ўтди

Сентябрь 28, 2025. 13:52 • 4 дақ

645
Тошкент шаҳрида маданий анъаналар ва миллий таомлар фестивали бўлиб ўтди

ТОШКЕНТ, 29 сентябрь /"Дунё" АА/. Тошкентда XXI Маданий анъаналар ва миллий таомлар хайрия фестивали бўлиб ўтди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Мазкур фестиваль Ўзбекистонда истиқомат қилаётган халқларни бирлаштиради ва мамлакат аҳолисини дунё ошхонаси ва маданиятининг хилма-хиллиги билан таништиради. Анъанага айланган тадбир Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги ҳузуридаги Дипломатик корпусга хизмат кўрсатиш бюроси кўмагида ўтказилди. Жорий йилги фестивалда Ўзбекистонда аккредитациядан ўтган 20 дан ортиқ дипломатик миссия вакиллари иштирок этди. Элчихона ходимлари ўз мамлакатларининг миллий таомлари ва экзотик ноз-неъматлари билан меҳмонларни сийлаб, ўз ошпазлик маҳоратларини намойиш этдилар.

Фестиваль дўстлик ва ўзаро ҳурмат муҳитида бўлиб ўтди. Меҳмонлар нафақат ноёб таомлардан татиб кўриш, балки уларни тайёрлаш жараёнида шахсан иштирок этиш, турли халқларнинг маданий анъаналари билан танишиш имкониятига эга бўлдилар. Концерт дастурига алоҳида эътибор қаратилди: томошабинлар миллий рақслар, мусиқа ва анъанавий либослар намойиши билан ёрқин чиқишларни кўрдилар, бу ҳақиқий байрам кайфиятини яратди. Таъкидлаш жоизки, таомлар савдоси ва ҳомийлик бадалларидан йиғилган барча маблағлар Ўзбекистон меҳрибонлик уйларига хайрия ташаббусининг бир қисми сифатида йўналтирилади.

Фестивалнинг очилиш маросимида Ўзбекистон ташқи ишлар вазирининг биринчи ўринбосари Баҳромжон Аълоев, Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси раиси Қаҳрамон Сариев ва Дипломатик корпусга хизмат кўрсатиш бюроси директори Ойбек Эгамбердиев сўзга чиқди.

Муҳаммадали Искандарий, Эрон элчиси:

– Ўзбекистонни ушбу муҳим тадбирни ташкил этгани билан табриклайман. Бу турли мамлакатлар халқлари ўртасидаги дўстлик ришталарини мустаҳкамлаш учун ҳам катта аҳамиятга эга.

Тадбир тинчлик ва ҳамжиҳатлик муҳитида бирга бўлиш, мулоқот қилиш ва бир-бирини яхшироқ билиш имконияти ҳамдир.

Мен ташкилотчиларга миннатдорчилик билдирмоқчиман. Биз, Эрон вакиллари, Ўзбекистон халқини қўллаб-қувватлашимизни кўрсатиш учун фаол иштирок этдик.

Сити Руҳаини Жуҳаятин, Индонезия элчиси:

– Ўзбекистон ҳукуматини ушбу фестивалга мезбонлик қилгани билан табриклайман. Бу бутун дунё халқларини бирлаштирган жуда муҳим ва ажойиб воқеа бўлди.

Фестивалнинг хайрия йўналишини алоҳида таъкидламоқчиман. Барча тушум хайрия ишларига йўналтирилади, бу Ўзбекистондаги биродарларимиз ва опа-сингилларимизга ёрдам бериш учун ажойиб ғоя.

Шунингдек ўқинг

Таассуротларим билан ўртоқлашмоқчиман. Мен бу юртнинг турли ҳудудларида бўлиб, халқингизнинг аҳиллиги, меҳр-оқибати, тинчлик севарлигини ҳис қилдим. Ўзбекистондек тинч ва гўзал юртда эканлигимдан хурсандман ва ўзимни бахтиёр, деб биламан.

Даниэль Кристиан Чобану, Руминия элчиси:

– Ушбу тадбирда иштирок этиш мен учун катта шараф. Руминия элчихонаси мазкур фестивалда ҳар йили қатнашади. Бироқ, бу йил биз учун алоҳида аҳамиятга эга. Негаки, 6 октябрь куни Руминия ва Ўзбекистон ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг 30 йиллиги нишонланади. Руминия учун Ўзбекистон билан ҳамкорликни ривожлантириш Марказий Осиёдаги устувор йўналишларидан биридир.

Ҳар доимгидек бу тадбир ҳам юқори савияда ташкил этилди. Ташқи ишлар вазирлиги ва Дипломатик корпусга хизмат кўрсатиш бюросини юқори даражадаги ташкилотчилик билан табриклайман. Ишончим комилки, мазкур тадбир халқларимиз ўртасидаги чинакам дўстлик кўприги бўлиб, ўзаро муносабатларнинг мустаҳкамланишига ҳисса қўшади.

Бу, шунингдек, дипломатлар ва ўзбек халқи билан мулоқот қилиш учун ажойиб имкониятдир. Менимча, фестиваль Руминия маданияти, урф-одатлари ва ошхонаси ҳақида кўпроқ маълумот олиш учун яхши имконият бўлди.

Сюэ Лянь, Хитой элчихонасининг маданий ишлар бўйича маслаҳатчиси:

– Хитой элчихонаси ҳар доим ушбу фестивалда фаол иштирок этади. Бу йилги кўргазмамиз Ой байрамига бағишланган.

"Чжунцюцзе" байрами доирасида биз нафақат Хитой миллий таомларини, балки мусиқа ва рақсларини, чой маросимини ва бошқа маданий дастурларни ҳам тақдим этдик. Хитойнинг сайёҳлик имкониятлари ҳақидаги материаллар ҳам меҳмонларга тақдим этилди.

Ишончим комилки, ушбу маданий алмашинув мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорлик, ўзаро англашув ва дўстликни мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Тадбирнинг асосий мақсади болаларга ёрдам бериш учун маблағ йиғишдир. Айниқса, қўшма ташаббусимиз Ўзбекистондаги болаларни қўллаб-қувватлашидан мамнунмиз, бу эса фестивалга алоҳида аҳамият ва эътибор бахш этади.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш