Тошкентда “WoodTech & MebelExpo Uzbekistan 2026” халқаро мебель саноати кўргазмаси бошланди
Апрель 28, 2026. 20:13 • 2 дақ
• 334ТОШКЕНТ, 28 апрель. /“Дунё” АА/. Пойтахтимизда 28–30 апрель кунлари “Ўзэкспомарказ” Миллий кўргазмалар мажмуаси павильонларида “WoodTech & MebelExpo Uzbekistan 2026” халқаро мебель саноати кўргазмаси бошланди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Ушбу кўргазма “Iteca Exhibitions” ва “ICA Eurasia Group” халқаро кўргазма компаниялари томонидан ташкил этилмоқда. Кўргазманинг асосий ҳомийларидан бири “Eman Group” компанияси ҳисобланади.
Бу галги кўргазмада Австрия, Германия, Италия, Хитой, Польша, Россия, Туркия, Швейцария, Швеция, Ўзбекистон каби 13 мамлакатдан 127 та компания ва бренд ўз стендлари билан иштирок этмоқда.
Экспозициянинг асосий эътибори анъанавий равишда кўргазманинг қарийб 80 фоизини эгаллаган мебель бутловчи қисмлари сегментига қаратилган. Бу ерда мебель ишлаб чиқариш учун фурнитура, материаллар, профиллар, фасадлар, декоратив қопламалар, сунъий тошлар, матолар ва бошқа ечимлар тақдим этилган. Алоҳида бўлимлар мебель кимёси ва ёғочга ишлов беришнинг замонавий технологиялари, жумладан, ускуналарни амалда намойиш этишга бағишланган.
B2B форматидаги учрашувлар ва илк бор кенгайтирилган уч кунлик форматда ўтказиладиган ишбилармонлик дастурига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Дастур доирасида янги технологияларни жорий этиш, дизайн ва ишлаб чиқаришни рақамлаштириш масалалари бўйича семинарлар, маҳорат дарслари ва муҳокамалар ташкил этилади.
“WoodTech & MebelExpo Uzbekistan 2026” минтақада мебель ва ёғочсозлик саноатини ривожлантириш тенденцияларини шакллантирувчи асосий профессионал платформа ҳисобланади.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси




