Logo

FIDE 2026 йилги шахмат тожи учун ўйинни ўтказиш бўйича тендер эълон қилди

Май 04, 2026. 11:25 • 3 дақ

198
FIDE 2026 йилги шахмат тожи учун ўйинни ўтказиш бўйича тендер эълон қилди

ТОШКЕНТ, 4 май. /“Дунё” АА/. Халқаро шахмат федерацияси (FIDE) 2026 йилги жаҳон чемпиони унвони учун ўйинни ўтказиш учун ариза топшириш жараёни бошланганини эълон қилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Мусобақада амалдаги чемпион Гукеш Доммаражу ва даъвогар Жавоҳир Синдаров тўқнаш келади. Бўлажак учрашув чемпионлик ўйинлари тарихидаги энг ёш учрашув бўлади ­– иккала гроссмейстер ҳам мусобақа бошланиш пайтида 20 ёшда бўлади.

Учрашув жорий йилнинг 23 ноябридан 17 декабрига қадар бўлиб ўтиши режалаштирилган ва баҳс 25 кунгача давом этади. Тахминий бюджет 8,5 миллион АҚШ долларини ташкил этади, энг кам мукофот жамғармаси эса 2,5 миллион доллар этиб белгиланган.

Тадбирни ўтказишга даъвогар ташкилотчилар молиявий шартлар, жумладан, тижорат, ҳомийлик ва трансляция ҳуқуқларини тақсимлаш бўйича батафсил аризаларни тақдим этиши керак. Ҳужжатларни топширишнинг охирги муддати – 31 май.

FIDE номзодлар билан қўшимча музокаралар олиб бориш ҳуқуқини ўзида сақлаб қолади ва якуний қарор таклиф этилган шартлар ва шахматни ривожлантириш манфаатларини ҳисобга олган ҳолда қабул қилинади.

Ҳозирда бир қатор даъвогар шаҳарлар кўриб чиқилмоқда. Асосий номзодлар орасида Тошкент ва Самарқанд ҳам бор, улар Жавоҳирнинг муваффақиятидан сўнг учрашувни давлат даражасида қабул қилишга тайёр эканини билдиришган. Чемпион Гукеш туфайли Ҳиндистон ҳам фаворит ҳисобланади: Ченнаи ва Нью-Деҳли майдон сифатида муҳокама қилинмоқда.

Нейтрал вариантлар орасида аввалги мусобақага мезбонлик қилган Сингапур, шунингдек, шахматга фаол сармоя киритаётган Абу-Даби ва Дубай бор. Европа имкониятлари қаторида Лондон ҳам тилга олинади.

Бундан ташқари, шахмат доираларида тендерга қўшилиши мумкин бўлган бошқа шаҳарлар ҳам муҳокама қилинмоқда: Батуми, Ар-Риёз, Астана, Варшава ва Дюссельдорф. Уларнинг баъзилари аллақачон ФИДЕнинг йирик турнирларини ўтказиш тажрибасига эга ёки катта молиявий шартларни таклиф қилишга тайёр.

Ностандарт формат ҳам истисно қилинмайди – ўйин бир вақтнинг ўзида икки мамлакатда, масалан, Ҳиндистон ва Ўзбекистонда ўтказилиши мумкин. Номзодларнинг якуний рўйхати май ойининг охирида аризаларни қабул қилиш тугагандан сўнг маълум бўлади.

FIDE қоидаларига кўра, жаҳон чемпионлиги учун классик матч одатда 14 та партиядан иборат бўлади. Агар ҳисоб тенг (7:7) бўлиб қолса, ғолибни аниқлаш учун қўшимча равишда тезкор ва блиц (тай-брейк) партиялар ўтказилади.

2024 йилги Сингапурда ўтказилган FIDE жаҳон чемпионатида Гукеш Доммаражу ва Динг Лирен ўзаро ўзаро баҳс олиб борган. Унда якуний ҳисоб Гукеш 7.5 очко Динг Лирен 6.5 очко жамғарган. Охирги (14) партияда Гукеш ғалаба қозониб, жаҳон чемпиони бўлган.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш