Logo

Чехиядаги ватандошлар муқаддас Рамазон ойини муносиб тарзда нишонламоқда

Февраль 28, 2026. 13:43 • 3 дақ

218
Чехиядаги ватандошлар муқаддас Рамазон ойини муносиб тарзда нишонламоқда

ПРАГА, 2 март. /“Дунё” АА/. Прага шаҳрида Ўзбекистоннинг Чехиядаги элчихонаси томонидан “Рамазон – меҳр-мурувват, аҳиллик ва шукроналик ойи” эзгу ғояси доирасида турли маънавий-маърифий тадбирлар ва ифторлик дастурхонлари ташкил этилмоқда, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Муборак Рамазон ойини муносиб тарзда ўтказиш мақсадида ташкил этилаётган ушбу хайрли тадбирлар хорижда яшаётган ва таълим олаётган ватандошлар ўртасида меҳр-оқибат ва дўстлик туйғуларини мустаҳкамлаш, фуқаролик масъулиятини янада ошириш ҳамда анъанавий қадриятларни тарғиб қилишга қаратиляпти.

Прагадаги Ўзбекистон талабалари ассоциациясида бўлиб ўтган учрашувда 120 нафардан ортиқ талаба ва диаспора вакиллари иштирок этди. Суҳбат давомида Ўзбекистон Мусулмонлар идораси вакиллари томонидан профилактик-тарбиявий суҳбат ташкил этилди.

Ёшларнинг таълим жараёнига масъулият билан ёндашиш, дарсларда мунтазам қатнашиш, ўқишга салбий таъсир кўрсатувчи меҳнат фаолиятидан тийилиш, молиявий мажбуриятларни ўз вақтида бажариш борасида фикр-мулоҳаза алмашилди.

Чехиянинг миграция қонунчилиги талабларига қатъий риоя қилиши масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Радикал ва экстремистик ғояларнинг олдини олиш, бағрикенглик ва конфессиялараро тотувликни мустаҳкамлаш юзасидан тушунтириш ишлари олиб борилди.

Тадбир очиқ ва конструктив мулоқот шаклида ўтди. Диний ва консуллик масалалари бўйича берилган саволларга мутахассислар томонидан атрофлича жавоб берилди.

Учрашувда ассоциация кутубхона фондини бойитиш мақсадида диний адабиётлар ва тарғибот материаллари топширилди ҳамда иштирокчилар учун ифторлик дастурхони ташкил этилди.

Шунингдек, ўша куни Прага шаҳридаги “Туркистон” маданий марказида ҳам ватандошлар билан учрашув ўтказилди. Унда қарийб 250 нафар иштирокчи қатнашди.

Мулоқот давомида қонунларга ҳурмат, таълим ва меҳнатга виждонан муносабат, турли салбий оқимларга қарши мафкуравий иммунитетни шакллантириш масалаларига алоҳида урғу берилди.

27 февраль куни Прагадаги “Туркистон” маданий марказида жума намози бўлиб ўтди. Унда 400 нафардан ортиқ ватандош иштирок этди. Маърузаларда Рамазон ойининг моҳияти, рўза тутиш қоидалари, шахсий интизом ва масъулият, ислом қадриятларини асраб-авайлаш масалалари тўғрисида сўз юритилди.

Юртимиз делегацияси аъзолари Чехияда фаолият юритаётган “Tesla” компаниясининг йирик қурилиш объектига ҳам ташриф буюрди. Мазкур объектда 100 нафардан ортиқ Ўзбекистон фуқароси меҳнат фаолиятини амалга оширмоқда. Меҳнат жадвали зичлиги ва масофа инобатга олинган ҳолда иш жойида маърифий учрашув ташкил этилди. Унда Рамазон ойини муносиб ўтказиш, ахлоқий меъёрларга риоя қилиш ҳамда меҳнат муҳожирлари дуч келаётган масалалар муҳокама қилинди.

Куннинг иккинчи ярмида вакилларимиз Прага шаҳридаги “Сулаймон” турк маданий марказига бўлди. Марказда 250 нафарга яқин ватандош иштирокида ифторлик тадбири ташкил этилди. Ифторликдан сўнг таровеҳ намози адо этилди.

Маданий марказ меҳнат қилаётган ҳамюртлар билан ўтказилган суҳбатларда диний меъёрларни тўғри англаш, радикал ва бузғунчи талқинларнинг олдини олиш ҳамда мўътадил ва анъанавий ислом қадриятларини сақлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш