Роттердамда Нидерландиядаги ўзбекистонлик ватандошлар учун ифторлик ва очиқ мулоқот ташкил этилди
Март 19, 2026. 18:26 • 2 дақ
• 119
РОТТЕРДАМ, 19 март. /“Дунё” АА/. Нидерландияда таҳсил олаётган ўзбекистонлик ва меҳнат фаолияти билан шуғулланаётган ватандошлар учун Роттердам шаҳрида байрамона ифторлик тадбири ташкил этилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Ўзбекистоннинг дипломатик ваколатхонаси ташаббуси билан ўтказилган ушбу тадбирда 220 дан ортиқ фуқаролар иштирок этди. Кечанинг фахрий меҳмонлари сифатида Ўзбекистон мусулмонлари идораси Халқаро бўлими бошлиғи, имом-хатиб Шавкат Ҳамдамов ва Ўзбекистон халқаро ислом академияси катта ўқитувчиси, қори Нурилло Сайдуллаев қатнашдилар.
Тадбирда сўзга чиққан дипломатик ваколатхона раҳбари ва диний соҳа вакиллари ватандошларга ҳамжиҳатлик, аҳиллик ва ҳаётга фаол ёндашувлари учун миннатдорлик билдирдилар. Мулоқот давомида Ўзбекистонда инсонпарварлик, миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенглик муҳитини мустаҳкамлаш давлат сиёсатининг устувор йўналиши экани алоҳида таъкидланди.
Шунингдек, ҳамюртларимизга хориждаги ўзбекистонликларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш борасидаги янгиликлар, мамлакатимизда иқтисодий, ижтимоий ва таълим соҳаларида амалга оширилаётган сўнгги ислоҳотлар ҳақида батафсил маълумот берилди. Ваколатхона раҳбари бу ислоҳотлар Ўзбекистоннинг халқаро майдонда замонавий ва ишончли ҳамкор сифатидаги нуфузини янада ошираётганини қайд этди.
Маънавий-маърифий суҳбат давомида имом-хатиб юртдошларимизни турли ёт диний оқимлар таъсирига тушиб қолмасликка, диний масалаларда фақат расмий ва ишончли манбалардан фойдаланишга чақирди. Очиқ мулоқот шаклида ўтган учрашувда динлараро тотувлик ва маърифий ислом ғояларини тарғиб қилиш бўйича тушунтириш ишлари олиб борилди.
Тадбир ниҳоятда илиқ, самимий ва мазмунли руҳда ўтиб, ватандошлар ўртасидаги жипсликни мустаҳкамлашга хизмат қилди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси