Сеулда ўтказилган ифторлик ватандошларни бирлаштирди
Март 19, 2026. 17:31 • 2 дақ
• 51
СЕУЛ, 19 март. /“Дунё” АА/. Муборак Рамазон ойи муносабати билан мамлакатимиз элчихонаси томонидан Жанубий Корея пойтахтида истиқомат қилаётган ватандошлар учун ифторлик дастурхони ёзилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
“Опа-сингиллар” жамоатчилик уюшмаси ҳамда Ўзбекистон ёшлари умумжаҳон ассоциациясининг Кореядаги ваколатхонаси ҳамкорлигида ўтказилган тадбирда Сеул шаҳри ва унга яқин ҳудудларда меҳнат қилаётган ва таҳсил олаётган юз нафардан ортиқ ҳамюртлар иштирок этди.
Тадбирни очиб берган Ўзбекистон элчиси Алишер Абдусаломов мамлакатимизда Президент раҳнамолигида инсон қадрини улуғлаш, аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш ва хориждаги ватандошларнинг ҳуқуқларини таъминлаш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ҳақида сўзлади.
Кечада Ўзбекистон Мусулмонлари идораси вакили, Тошкент шаҳридаги “Салом” масжиди муаззини Асилбек Турсунов иштирок этиб, Рамазон ойининг маънавий фазилатлари, ислом динининг инсонпарварлик ва меҳр-мурувват каби эзгу ғоялари ҳақида маъруза қилди.
Тадбир давомида ватандошлар билан ўтказилган очиқ мулоқотда ёш авлодни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш ва миллий ўзликни асраш масалалари муҳокама қилинди. Иштирокчилар ўз таассуротлари билан ўртоқлашди:
Ойшахон Расулова, EHWA аёллар университети талабаси:
— Фикримча, бугунги учрашувлар хорижда истиқомат қилаётган юртдошларимизни янада яқинлаштиради, ўзаро дўстлик ва Ватан билан маънавий боғлиқликни мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Мамлакатимизда хотин-қизлар ҳаётида юз бераётган ижобий ўзгаришлар халқаро ҳамжамият томонидан ҳам кенг эътироф этилмоқда. Бу каби ислоҳотлар биз каби хорижда фаолият юритаётган хотин-қизлар учун катта руҳий куч ва илҳом бағишлайди.
Мен ҳам Жанубий Кореяда таҳсил олаётган даврим давомида Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотлар ва аёлларга яратилаётган имкониятлар ҳақида чет эллик дўстларимга сўзлаб бераман.
Жалолиддин Маҳмудов, Ҳонгик университети докторанти:
— Бугунги ифторликда ўзимни худди ўз уйимдагидек ҳис қилдим. Миллий таомларимиз ва самимий муҳит бизни Ватан билан маънавий боғлиқлигимизни янада мустаҳкамлади.
Ифторлик тадбири кўтаринки кайфият ва дўстона муҳитда ўтди. Бу каби учрашувлар хориждаги ўзбекистонликларнинг бирдамлигини таъминлаш ва Ватан билан алоқаларини ривожлантиришга хизмат қилади.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси