“The Korea Herald” газетаси: Ўзбекистонда халқаро ҳамжамият эътироф этган мега-лойиҳа ишга тушди
Март 19, 2026. 13:00 • 2 дақ
• 66
СЕУЛ, 19 март. /“Дунё” АА/. Жанубий Кореянинг етакчи нашри — “The Korea Herald” газетасида “Ислом цивилизацияси маркази: халқаро ҳамжамият эътироф этган мегалойиҳа” сарлавҳали мақола эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Мақолада Тошкентда барпо этилган ушбу марказ нафақат Ўзбекистоннинг, балки бутун мусулмон оламининг интеллектуал бойлигини дунёга намойиш этувчи стратегик маскан сифатида таърифланган.
Нашрда ёзилишича, Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан амалга оширилган ушбу бунёдкорлик лойиҳаси Янги Ўзбекистоннинг маданий ва илмий тикланиш борасидаги қатъий қадамларидан далолат беради.
Материалда ушбу марказнинг бир вақтнинг ўзида ҳам музей, ҳам йирик илмий-тадқиқот институти, ҳам нодир қўлёзмалар хазинаси сифатида фаолият юритишига алоҳида эътибор қаратилган. Мажмуа таркибидаги рақамлаштириш лабораториялари ва кутубхона фонди Марказий Осиёдан етишиб чиққан буюк алломалар — Ибн Сино, Ал-Хоразмий, Мирзо Улуғбек ва Имом Бухорийларнинг илмий меросини замонавий технологиялар ёрдамида келгуси авлодларга етказишда беқиёс рол ўйнайди.
Жанубий Корея нашри Марказнинг халқаро миқёсдаги очиқлигини юқори баҳолаган. Хусусан, лойиҳани тайёрлаш жараёнига Франция, Италия ва Германия каби давлатлардан етакчи мутахассисларнинг жалб этилиши, ЮНЕСКО ва ИҲТ билан ўрнатилган яқин ҳамкорлик марказнинг халқаро мақомга эга эканини тасдиқлайди.
Мақола хулосасида айтилишича, Ўзбекистон ушбу мегалойиҳа орқали ислом динининг асл моҳияти — тинчлик, маърифат ва бағрикенглик эканини бутун дунёга намойиш этмоқда. Ислом цивилизацияси маркази турли маданиятлар ва динлар ўртасидаги мулоқотни мустаҳкамловчи глобал кўприкка айланмоқда.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси