Ватандошларга Германияда ишга жойлашиш қонун-қоидалари ҳақида тушунча берилди
Март 12, 2026. 14:54 • 2 дақ
• 306
ФРАНКФУРТ-МАЙН, 16 март. /“Дунё” АА/. Юртимизнинг Франкфурт-Майн шаҳридаги Бош консулхонаси дипломатлари, таниқли блогер, “Germaniya live” лойиҳаси асосчиси Нодир Ходжиев ҳамда ватандошлар иштирокчида онлайн учрашув ташкил этилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
“Наврўз” байрами арафасида ташкил этилган ушбу онлайн мулоқотда Германияда яшовчи кўплаб Ўзбекистон фуқаролари иштирок этди. Ушбу суҳбат жараёнида Германиядаги “SBH West”, “Globogate Concept AG” каби нуфузли компания вакиллари ҳам қатнашди.
Икки соат давом этган суҳбатда Германиядаги компанияларга ишга жойлашиш қонун-қоидалари ҳақида алоҳида тўхталиб ўтилди. Ўзбекистон фуқароларига меҳнат миграцияси шартлари, хизмат давомида қандай касбий кўникмаларга эга бўлиш лозимлиги тўғрисида маълумот берилди.
Бош консулхона ходимлари ватандошларнинг консуллик ҳисобида туриш тартиби, янги биометрик паспортларни расмийлаштириш қоидалари борасида ҳам сўз юритди.
Мулоқот давомида Ўзбекистонда олинган олий маълумот дипломларининг Германияда тан олиниши масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Консуллик вакиллари Германиянинг тегишли муассасалари билан ҳамкорлик қилиш бўйича амалий тавсиялар берди. Германия университетларига кириш учун мавжуд таълим дастурлари ҳақида маълумот берилди.
Бош консулхона дипломатлари Германия билан ўзаро ҳамкорликни кенгайтириш, ҳамюртларни ҳуқуқий жиҳатидан қўллаб-қувватлаш ва уларнинг манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида бундай учрашувларни келгусида ҳам ташкил этишини таъкидлади.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси