Доҳадан эвакуация: ватандошлар Ўзбекистон Президенти ва элчихоналарга миннатдорлик билдирмоқда
Март 11, 2026. 11:09 • 2 дақ
• 125ДОҲА, 11 март. /“Дунё” АА/. Яқин Шарқдаги мураккаб вазият туфайли Доҳада вақтинча бўлиб турган Ўзбекистон фуқаролари ҳаво ҳудуди ёпиқ бўлгани сабабли автобусларда Саудия Арабистони орқали ватанга эвакуация қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Эвакуация қилинганлар Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевга тезкор аралашуви ва мураккаб шароитда кўрсатган ёрдами учун алоҳида миннатдорлик билдириб, эвакуацияни ташкил этишда Ўзбекистоннинг хориждаги дипломатик ваколатхоналари муҳим ўрин тутганини таъкидлади.
Ватандошларимиз, авваламбор, бундай қийин вазиятларда тезкорлик билан ёрдам кўрсатилгани учун давлатимиз раҳбарига раҳмат айтиб, хорижий давлатларда фаолият юритаётган дипломатик ваколатхоналар саъй-ҳаракатини олқишлади.
Хусусан, операция давомида эвакуация қилинган оилалардан бири Ўзбекистоннинг Қатар ва Саудия Арабистонидаги элчихонаси номига миннатдорлик мактуби йўллаган.
Мактубда элчихона ходимлари эвакуациянинг барча босқичлари ҳақида тезкор жавоб бериш ва оилани ўз вақтида хабардор қилишни таъминлагани, логистика ва маҳаллий хизматлар билан ҳамкорликни юқори даражада ташкил этгани, жўнатиш пунктларида тиббий ва гуманитар ёрдам кўрсатгани, шунингдек, илиқ ва эътиборли муносабат кўрсатгани, бу хавотирни камайтиришга ва эртанги кунга ишончни қайтаришга ёрдам бергани қайд этилган.
“Элчихона ходимларининг профессионаллиги ва уюшқоқлиги туфайли онам хавфсиз жойга эвакуация қилиниб, зарур ёрдам ва ғамхўрлик кўрсатилди. Сизнинг фаолиятингиз фуқаролик масъулияти ва хориждаги ватандошлар манфаатларига профессионал хизмат қилишнинг ёрқин ифодаси бўлди”, – дейилади мактубда.
Ўзбекистоннинг Қатар ва Саудия Арабистонидаги элчихонаси дипломатлари мамлакат фуқароларини фавқулодда вазиятларда бундан буён ҳам қўллаб-қувватлашга тайёрлигини билдирди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси



