Яна бир гуруҳ ватандошларимиз бугун Қатардан Ўзбекистонга қайтарилди
Март 12, 2026. 17:22 • 2 дақ
• 213
ДОҲА, 12 март. /“Дунё” АА/. Яқин Шарқда давом этаётган кескин вазият шароитида бугун Қатарда бўлиб турган сайёҳлар ва талабалардан иборат яна бир гуруҳ юртдошларимиз эвакуация қилинмоқда, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
12 март куни 49 нафар Ўзбекистон фуқароси автобусларда Доҳадан Бирлашган Араб Амирликларининг Шаржа шаҳрига, яна 12 нафар юртдошимиз Саудия Арабистони пойтахти Ар-Риёзга жўнаб кетди. Режага кўра, улар мазкур шаҳарлар халқаро аэропортлари орқали Тошкентга парвоз қилишади.
Ўзбекистоннинг Доҳадаги элчихонаси Қатар, Саудия Арабистони ва БААнинг тегишли идоралари билан тезкор мувофиқлаштириш ишларини олиб бормоқда, фуқароларимизнинг чегаралардан хавфсиз ва тўсиқсиз ўтиши масаласида яқиндан ҳамкорлик қилмоқда.
Дипломатлар автобус колонналарини Қатар чегарагача кузатиб бордилар. Эвакуация қилинган фуқаролар кўрсатилган амалий ёрдам ва хавфсиз эвакуацияни ташкил этгани учун дипломатик ваколатхоналар ва “Ватандошлар” жамоат фондига самимий миннатдорлик билдирди.
Маълум қилинишича, Қатарда қолган сайёҳларни Бирлашган Араб Амирликлари орқали якуний эвакуация қилиш 13-14 март кунларига режалаштирилган.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси