Беларусда ўтказилган миллий маданиятлар фестивалида Ўзбекистоннинг туризм салоҳияти намойиш этилди
Июнь 13, 2026. 18:30 • 2 дақ
• 59ГРОДНО, 13 июнь. /“Дунё” АА/. Беларуснинг Гродно шаҳрида ўтказилган XV Республика миллий маданиятлар фестивали доирасида Ўзбекистоннинг бой маданияти, урф-одатлари ва туризм салоҳияти кенг тақдимот қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Маҳаллий миллий диаспоралар вакилларини бир майдонга жамлаган ушбу нуфузли тадбир анъанавий театрлаштирилган юриш билан бошланди. Тантанали парадда Беларусда истиқомат қилаётган ва таҳсил олаётган ватандошларимиз ҳамда ўзбекистонлик талабалар миллий рамзлар ва бетакрор анъанавий либосларда иштирок этдилар. Фестивалнинг очилиш маросими бўлиб ўтадиган марказий майдон сари юрган ҳамюртларимизни йўл четида йиғилган маҳаллий аҳоли ва минглаб хорижлик меҳмонлар юқори кайфият ва қизғин олқишлар билан кутиб олдилар.
Маданият байрамининг очилиш маросимида Беларусь Президенти Александр Лукашенко, Бош вазир ўринбосари Наталья Петкевич, Гродно вилояти ижроия қўмитаси раҳбарияти, мамлакатда аккредитациядан ўтган дипломатик корпус вакиллари ҳамда бошқа расмий шахслар қатнашдилар.
Икки кун давом этган тантаналар давомида Гродно шаҳрининг марказий майдонида ўзбек миллий маданияти ва қадриятларига бағишланган махсус кўргазма ташкил этилди. Унда павильон меҳмонлари ўзбек халқининг бой ва кўҳна тарихи, Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган замонавий янгиланишлар, мамлакатимизнинг жозибадор сайёҳлик масканлари билан яқиндан танишиш имкониятига эга бўлдилар.
Шунингдек, кўргазма доирасида ташкил этилган ўзбек миллий таомлари намойиши тадбир иштирокчиларида алоҳида таассурот қолдирди. Фестиваль қатнашчиларига юртимизнинг тарихи, бетакрор санъати ва туризм имкониятлари акс эттирилган ранг-баранг ахборот материаллари, буклетлар ҳамда китоб-альбомлар тарқатилди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси






