Ўзбекистонлик талаба ШҲТ танловида ғолиб бўлди
Июнь 13, 2026. 17:30 • 2 дақ
• 79
ПЕКИН, 13 июнь. /“Дунё” АА/. Шанхай ҳамкорлик ташкилоти (ШҲТ) Котибияти 1 апрелдан 20 майгача ташкилотга аъзо давлатлар олий ўқув юртлари талабалари, магистрантлари ва аспирантлари ўртасида энг яхши илмий мақола учун танлов ўтказди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Тадбир ШҲТнинг юбилейига бағишланди ва ташкилотни ривожлантириш масалалари бўйича илмий-тадқиқот фаолиятини рағбатлантиришга қаратилди.
Танлов “ШҲТнинг 25 йиллиги: барқарор келажак йўлидаги шериклик” мавзусида ўтказилди. Иштирок этиш учун жами 600 дан ортиқ илмий ишлар хитой, рус ва инглиз тилларида тақдим этилди. Ташкилий қўмита қарорига кўра, биринчи ўрин “ШҲТга аъзо ҳар бир давлатдан биттадан ғолиб” тамойили асосида топширилди.
Ўзбекистондан Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетининг 3-босқич талабаси Нилуфар Муратбаева ғолиб бўлди. Унинг илмий иши “Минтақавий ҳамкорликдан барқарор ўзгаришларга: Марказий Осиёда институционал ва рақамли мослашувни қўллаб-қувватлашда ШҲТнинг роли” мавзусига бағишланди.
Танлов ғолиблари ШҲТ Бош котибининг дипломлари ва ташкилотнинг 25 йиллигига бағишланган юбилей медальонлари билан тақдирланади. Мукофотлар Хитой Ташқи ишлар вазирлиги ва ШҲТга аъзо давлатларнинг Пекиндаги элчихоналари орқали топширилади.
Ташкилотчилар ёшларнинг танловга қизиқиши юқори эканини таъкидлади. Унда ШҲТга аъзо давлатлар фуқароларидан ташқари, Озарбайжон, Арманистон, Афғонистон, Бангладеш, Яман, Молдова, Мўғулистон ва Туркманистондан ёш тадқиқотчилар ҳам иштирок этди. Энг яхши илмий ишлар ШҲТ Котибияти томонидан қўшимча рағбатлантириш билан тақдирланади.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси