АҚШнинг Филадельфия шаҳрида муборак Рамазон ойи муносабати билан ифторлик бўлиб ўтди
Март 12, 2026. 10:00 • 2 дақ
• 168ФИЛАДЕЛЬФИЯ, 12 март. /“Дунё” АА/. Кеча АҚШнинг Филадельфия шаҳридаги “Samarkand Steak House” ресторанида муборак Рамазон ойи муносабати билан навбатдаги ифторлик тадбири бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Мазкур тадбир Ўзбекистон раҳбарияти ташаббуси билан ташкил этилиб, хорижда истиқомат қилаётган ватандошлар учун маънавий-маърифий учрашувлар ўтказиш борасидаги эзгу анъананинг узвий давоми бўлди.
Ифторликни ташкил этиш Президентимизнинг Ўзбекистон фуқароларини, уларнинг яшаш жойидан қатъий назар, қўллаб-қувватлаш, миллий бирдамликни мустаҳкамлаш ва маданий-диний қадриятларни асраб-авайлашга қаратилган изчил сиёсатини акс эттиради.
Учрашувда ўзбек диаспораси, жамоат бирлашмалари вакиллари, фаоллар ва АҚШда истиқомат қилаётган ватандошлар иштирок этди. Учрашувда бирдамлик, ўзаро қўллаб-қувватлаш, тарихий Ватан билан алоқаларни мустаҳкамлаш муҳимлиги таъкидланди.
Сўзга чиққанлар муқаддас Рамазон ойининг инсонларни эзгуликка, меҳр-шафқат ва бағрикенгликка чорловчи, жамиятда бирдамлик ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамловчи маънавий аҳамияти ҳақида сўз юритди. Шу билан бирга, мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ва яратилаётган имкониятлар ҳақида ҳам алоҳида тўхталиб ўтди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси


