Ўзбекистон элчиси Саудия Арабистони тиббиёт муассасаларида ишлаётган бир гуруҳ ватандош шифокорлар билан учрашди
Май 23, 2024. 12:29 • 50 сония
• 215
АР-РИЁЗ, 23 май. /"Дунё" АА/. Ўзбекистон элчиси Нодиржон Тургунов Саудия Арабистонида тиббиёт соҳасида ишлаётган бир гуруҳ ватандошлар билан учрашди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Мулоқот чоғида Саудиянинг жанубий-шарқий ҳудудларида салкам 20 нафар турли йўналишларда ихтисослашган ўзбекистонлик шифокорлар ишлаётгани маълум қилинди. Маҳаллий аҳоли ўртасида ўзбек шифокорларига талаб жуда юқори. Шунингдек, тиббиёт соҳасида ўзаро манфаатли ҳамкорлик учун кенг имкониятлар мавжудлиги таъкидланди.
Ватандошларга Ўзбекистонда сиёсий-ижтимоий ва маданий-маърифий соҳаларда юз бераётган муҳим ва жадал ислоҳотлар ҳақида айтиб берилди. "Ўзбекистон - 2030" миллий стратегиясининг асосий тамойиллари ва мазмун-моҳияти қайд этилди. Давлатимиз раҳбари бошчилигида амалга оширилаётган аҳолини фаровонлигини ошириш, тиббиёт ходимларини қўллаб-қувватлаш, янги ўқув ва иш жойларини яратиш, хотин-қизларнинг жамиятдаги мавқеини юксалтириш борасидаги ислоҳотларга урғу берилди.
Учрашув давомида, шунингдек, Ўзбекистонда тиббиёт соҳаси вакилларини тайёрлаш бўйича йўлга қўйилган самарали тизим ва таълим тўловларининг нисбатан арзонлигини инобатга олган ҳолда мамлакатимиздаги таълим муассасаларига Саудия Арабистони ёшларини жалб қилиш имкониятлари хусусида ҳам фикр алмашилди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси