Logo

Швециядаги ёш ватандошлар илк маротаба ўзбек тили бўйича халқаро фан олимпиадасида қатнашдилар

Май 19, 2025. 15:33 • 2 дақ

74
Швециядаги ёш ватандошлар илк маротаба ўзбек тили бўйича халқаро фан олимпиадасида қатнашдилар

СТОКГОЛЬМ, 19 май. /"Дунё" АА/. Ўзбекистон элчихонаси кўмагида Швецияда таҳсил олаётган мактаб ўқувчилари илк маротаба Алишер Навоий номидаги ўзбек тили бўйича халқаро фан олимпиадасида онлайн тарзда иштирок этдилар, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Стокгольм мактабларида ўзбек тилини ўрганаётган ёшларимиз олимпиада фаол иштироклари билан ажралиб туришди.

Олимпиада иштирокчилари ташкилотчиларга самимий миннатдорлик билдириш баробарида, давлатимиз раҳбари томонидан хорижда истиқомат қилаётган ватандошларни қўллаб-қувватлаш бўйича амалга оширилаётган саъй-ҳаракатларни юксак баҳоладилар.

Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон элчихонаси, "Ватандошлар" жамоат фонди, Стокгольмдаги Ўзбек миллий маданий маркази ва Тошкентдаги Нордик халқаро университети ташаббуси билан 2025 йил 3 майдан бошлаб Швеция, Дания ва Норвегияда яшовчи ватандошларимизнинг фарзандлари учун ўзбек тили ва маданиятини ўргатиш бўйича онлайн мактаб ишга туширилган эди.

Мазкур лойиҳа хориждаги юртдошларни она Ватанга ва ўзбек тилига бўлган муҳаббатини янада ошириш, уларга маданиятимиз ва тарихимизни ўргатиш, чет элда яшаётган ҳамда меҳнат фаолиятини олиб бораётган ватандошларимизни жипслаштириш мақсадида амалга оширилмоқда.

Зилола Йўлчиева, Ўзбек миллий маданий маркази раҳбари:

– Бу каби олимпиадалар ёшларни таълим йўлида бирлаштириб, ўзбек тилини қадрлаш ва асрашга ундайди. Биз ушбу олимпиадада қатнашган барча фаол ёшларимиз билан фахрланамиз.

Олимпиадада қатнашаётган мактаб ва гимназия битирувчиларига ҳаётнинг янги босқичида кучли ирода ва омад тилайман. Шунингдек, улардан таълим, тарбия, илм-фан, маърифат, спорт ва маданият сингари йўналишларда интилишдан тўхтамасликларини сўрайман.

Гавхар Холджигитова, Стокгольм тил маркази ўзбек тили ўқитувчиси:

– Мазкур олимпиадада икки нафар ўқувчим иштирок этди. Ўзим ҳам, ўқувчиларим ҳам жудаям ҳаяжондамиз. Чунки бу мусобақа хориждаги ватандошлар учун илк маротаба ташкил қилинди.

Бу каби танловларни жудаям муҳим деб ҳисоблайман. Ўзбек ёшлари дунёнинг қайси бурчагида истиқомат қилмасин, ўзининг она тилини унутмаслиги керак.

Ўзбекистон ҳукуматига мазкур олимпиадани ташкил қилгани учун миннатдорлик билдирамиз. Бу каби тадбирлар хориждаги ўқитувчи ва ўқувчилар учун жуда ҳам муҳим. Бундай олимпиадаларнинг мунтазам давом этишини истаймиз.

Умед Ишанкулов, олимпиада иштирокчиси:

– Олимпиададан олган таассуротларим жуда зўр. Тўғриси, озгина хаяжонландим. Олимпиада юқори даражада ташкил этилди. Бундай тадбирлар кўпроқ ўтказилишини кўллаб-қувватлайман.

Барча иштирокчиларга омад тилайман.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш