Logo

Сирдарё вилоятидаги тиббиёт клиникаларга Германиядан беғараз ёрдам тақдим этилди

Март 23, 2025. 13:46 • 54 сония

213
Сирдарё вилоятидаги тиббиёт клиникаларга Германиядан беғараз ёрдам тақдим этилди

ФРАНКФУРТ-МАЙН, 23 март. /"Дунё" АА/. Ўзбекистон Бош консулхонаси ташаббуси билан Германиядан Сирдарё вилоятидаги тиббиёт муассасаларига инсонпарварлик ёрдами жўнатилди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Ушбу хайрия лойиҳаси Германиянинг "Diakoneo" клиникаси травматология ва ортопедия мутахассиси, ҳамюртимиз Ойбек Ҳакимов билан биргаликда амалга оширилди.


Юк таркибидан жарроҳлик тикувлари, дренаж тизимлари, трахеостомия ва эндотрахеал найчалар, елка ортезлари ва бошқа тиббий буюмлар ўрин олди. Гуманитар юк Сирдарё вилоятига "Uzbekistan Airways" миллий авиакомпаниясининг Франкфурт-Майн шаҳридаги ваколатхонаси кўмагида етказилди.


"Тиббиёт муассасамиз турли гуманитар лойиҳалар доирасида Сирдарё вилоятидаги клиникалар билан яқин ҳамкорлик алоқаларини ўрнатган. Мен йилига бир неча марта Ўзбекистонга бориб, оғир жароҳатларни текшираман, болалар ва катталардаги ортопедик операцияларни амалга ошираман. Клиникамиз ходимлари ўзбекистонлик ҳамкасблари билан ҳамкорлик натижаларидан мамнун ва биз келгусида ҳам Ўзбекистонда турли инсонпарварлик лойиҳаларини амалга оширишга тайёрмиз", деди Ойбек Ҳакимов.


Ватандошимиз Ойбек Ҳакимов 2016 йилдан бери "Diakoneo" клиникасида травматология ва ортопедия бўйича шифокор бўлиб ишлайди. Шу билан бирга, у доимий равишда ўзбекистонлик ҳамкасбларим билан бутун дунё бўйлаб ортопедия ва травматология соҳасидаги беморларга ҳамда оғир операцияларни амалга ошириш бўйича онлайн маслаҳатлар бериб келади.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш