Токиода Ўзбекистон ва Қозоғистон фотосуратлари намойиши бошланди
Июнь 08, 2026. 12:25 • 3 дақ
• 92ТОКИО, 8 июнь. /“Дунё” АА/. Элчихона ҳамда Япония Фотосуратлар жамияти ҳамкорлигида “JA Kyosai” анжуманлар залида “Осиё фотографлари: Марказий Осиё – Ўзбекистон ва Қозоғистон” фотосуратлар кўргазмасининг расмий очилиш маросими бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
“Токио фото ойлиги – 2026” доирасида ташкил этилган тадбирнинг очилиш маросимида Япониянинг етакчи фотоиндустрия намояндалари, компаниялар, маданият ва санъат соҳасидаги ташкилотлар, дипломатлар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
31-маротаба ўтказилаётган ушбу нуфузли халқаро фотосуратлар кўргазмасида Ўзбекистондан жами 8 нафар таниқли фотографнинг 40 дан ортиқ асари намойиш қилинмоқда.
Фотоасарлар Токионинг учта йирик санъат муассасаси – “Sony образлар галереяси”, “Hanzamon музейи” ва “Canon очиқ галереяси”да тақдим этилмоқда. Намойиш қилинаётган суратларда Ўзбекистоннинг қадимий шаҳарлари, меъморий ёдгорликлари, бетакрор табиат манзаралари ва инсонлар ҳаёти акс эттирилган.
Ўзбекистоннинг Япониядаги элчиси Муҳсинхўжа Абдурахмоновнинг кўргазма иштирокчиларига йўллаган мурожаатида Ўзбекистон Президентининг 2025 йил декабрь ойида Японияга амалга оширган ташрифи икки давлат ўртасидаги дўстона муносабатларни янги босқичга олиб чиққани, ушбу ташриф маданий-гуманитар ҳамкорликни ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этгани алоҳида қайд этилди.
Хусусан, Ўзбекистон Буюк Ипак йўли чорраҳасида жойлашган, бой тарих ва қадимий маданиятга эга мамлакат сифатида асрлар давомида турли цивилизациялар ва маданиятларни боғлаб келган. Шунингдек, Ўзбекистоннинг қадимий шаҳарлари, меъморий ёдгорликлари, бетакрор табиат манзаралари ва инсонлар ҳаёти ҳақида бундан қарийб 170 йил аввал илк фотосуратлар яратила бошлангани ҳам диққатга сазовор экани таъкидланди.
Кўргазмалар давомида Ўзбекистон Маданий мерос агентлиги директори биринчи ўринбосари, академик Турсунали Қўзиевнинг 2004 йилда нашр этилган уч жилдли “Ўзбек фотографиясининг 125 йиллиги” антологиясидан олинган архив фотоматериаллари ҳам намойиш этилади.
“Ушбу халқаро кўргазма фотосуратчилик анъанасини ривожлантириш ва ундан ўзаро маданий алмашувларда фойдаланиш мақсадида 1995 йилдан буён ўтказилмоқда. Ўзбекистон кўргазмада 2005 йилдан бери мунтазам равишда иштирок этиб келмоқда. Мазкур тадбирда тақдим этилаётган асарлар, айниқса, тарихий мавзудаги фотосуратлар мамлакатнинг яқин ўтмиши, бой ва қадимий маданияти билан мухлисларни яқиндан таништиради ҳамда уларнинг ўзбек халқи ҳақидаги тасаввурларини кенгайтиради”, – деди кўргазма ташкилий қўмитаси раиси Йошиказу Аоки.
Мазкур кўргазма фотография ихтиро қилинганининг 200 йиллигига бағишланган бўлиб, унинг доирасида қатор расмий тадбир ва учрашувлар ўтказилади. Лойиҳа доирасида ҳамда Ўзбекистон мустақиллигининг 35 йиллигини нишонлаш арафасида ўзбек фотографиясининг бадиий ва тарихий меросининг Токиода намойиш этилиши алоҳида рамзий аҳамиятга эга.
“Японияда Ўзбекистон фотосуратларини тақдим этиш биз учун катта шарафдир. Бундан 20 йил муқаддам Токиода “Осиё фотосуратлари” халқаро кўргазмаси доирасида илк бор “Ўзбек фотосуратлари ойлиги” ташкил этилган эди. Шундан буён ўзбек ижодкорлари билан самарали ҳамкорлик қилиб келаяпмиз ”, – деди кўргазма продюсери Киёко Камия.
Кўргазманинг “Canon”, “Nikon”, “Fujifilm”, “Sony” каби жаҳон фотоиндустриясининг етакчи компаниялари билан боғлиқ нуфузли галереяларда ўтказилаётгани кенг жамоатчилик эътиборини жалб қилиши шубҳасиз.
Токио шаҳрида ўтказилаётган ушбу кўргазма жорий йилнинг 1 июнидан 29 сентябригача давом этади.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси




