Logo

Берлин шаҳрида биринчи ватандошлар минтақавий форуми ўтказилди

Апрель 10, 2025. 09:54 • 3 дақ

123
Берлин шаҳрида биринчи ватандошлар минтақавий форуми ўтказилди

БЕРЛИН, 10 апрель. /"Дунё" АА/. Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги, "Ватандошлар" жамоат фонди ва мамлакатимизнинг Германиядаги элчихонаси билан ҳамкорликда Европа минтақасида биринчи ватандошлар минтақавий форуми ўтказилди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Форумнинг асосий мақсади хорижда яшаётган ватандошларни Янги Ўзбекистон атрофида бирлаштириш, уларнинг таклиф ва ташаббусларини яқиндан ўрганиш ва 2026 йилда бўлиб ўтадиган Бутунжаҳон Ўзбекистонликлар қурултойида қатнашадиган ҳудудлардаги делегатларни давлатлар кесимида тайинлашга эришишдан иборат. Шу билан бирга, хориждаги ватандошлар жамоалари ва ўзбек диаспораларининг миллий ўзлигини сақлашга кўмаклашиш ҳамда уларнинг ижтимоий ва иқтисодий салоҳиятини Ватанимиз ривожига сафарбар этишни қўллаб-қувватлаш ва янги ташаббусларни рағбатлантириш мақсад қилинди.

Тадбирда Европанинг 20 та давлатидан келган ватандошлар делегацияси, Германия жамоатчилиги ҳамда ОАВ иштирок этди.

Форумнинг очилиш маросимида "Ватандошлар" жамоат фонди бошқаруви раиси Одилжон Сатторов сўзга чиқиб, хориждаги ватандошлар билан алоқаларни мустаҳкамлаш мақсадида ташкил этилган мазкур фонд фаолияти, хориждаги ватандошларга Янги Ўзбекистонни таништириш мақсадида ташкил этилаётган тадбирлар, ёшларнинг хорижда таълим олиши учун давлатимиз томонидан амалга оширилаётган чора-тадбирлар ҳақида маълумот берди. Ватандошларнинг минтақавий форумини ташкил этиш орқали уларнинг мамлакатимиз ривожи йўлидаги таклиф ва ташаббусларини ўрганиш ватандошлар билан алоқаларнинг янги даврининг бошлаганини таъкидлади. "Ватандошлар" жамоат фонди хориждаги юртдошларни жипслаштириш, миллий маданиятимиз ва анъаналаримизни сақлаш каби эзгу мақсадларга хизмат қилиши урғуланди.​

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги ватандошлар билан мулоқот ва миграция масалалари бўлими бошлиғи Азим Муҳаммеджанов, Маънавият ва маърифат маркази қошидаги Ижтимоий-маънавий тадқиқотлар институти директори Олим Давлатов, Тошкент Вестминстер университети проректори Баҳром Миркасимов ва Ёшлар умумжаҳон ассоциацияси раҳбари Отабек Шавкатов ўз чиқишларида форумнинг аҳамияти ва вазифалари, унинг доирасида эришилажак келишув ва юртдошларимизнинг ташаббуслари келгусида Ўзбекистон ва Европа давлатлари ўртасидаги дўстлик ва ҳамкорлик ришталарини янада мустаҳкамлашга хизмат қилиши қайд этдилар.

Форумнинг расмий очилиш қисмидан сўнг бир қатор панель сессиялар ўтказилди. Уларда "Янги Ўзбекистон ва Янги Ренессанс: ислоҳотлар, илм-фан ва инновациялар", "Тадбиркорлик, инвестиция ва яшил иқтисодиёт" ва "Миллий маданият, туризм ва ватандошларнинг глобал ҳамкорлиги" мавзулари муҳокама қилинди. Муҳокамаларда асосан Ўзбекистон ва Европа давлатлари ўртасида савдо-инвестиция, тиббиёт ва ахборот-технологиялари соҳасида алоқаларни ривожлантириш, ўзбек тили, маданияти ва анъаналарини сақлаш ҳамда тарғиб қилиш ишларини кучайтириш, юртдошлар иштирокида таълим ва ёшлар лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш орқали илм-фан ва маданий алмашинувни кенгайтириш мавзуларига эътибор қаратилди.

Шунингдек, тадбир доирасида ватандош блогерлар учрашуви бўлиб ўтди. Унда юртимизда ва хорижда фаолият юритаётган таниқли ўзбек блогерлари ўз тажрибалари ва ижтимоий тармоқлардаги фаолиятлари ҳақида сўзлаб бердилар. Ўзбекистонлик блогерлар учрашуви юртимизнинг хорижда нуфузини янада ошириш, ватандошларни замонавий ахборот технологиялари орқали янада жипслаштиришга хизмат қилувчи ғоя ва таклифларга бой тарзда ўтди.

Бундан ташқари, форумда Германиядаги ўзбекистонлик ватандошларнинг янги уюшмаси "Анор" ўзбек-олмон ватандош жамиятининг расмий очилиш маросими бўлиб ўтди. Ушбу жамият ўз сафида Германияда яшовчи фаол ватандошларни бирлаштириб, уларнинг ташаббус ва лойиҳаларини мувофиқлаштиришни мақсад қилган. Жамият очилиши муносабати билан "Ватандошлар" жамоат фонди ва "Анор" жамияти ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди. Мазкур ҳужжат келгусида иккала томон билан биргаликда қатор дастур ва лойиҳаларни амалга ошириш, Германиядаги юртдошларимиз фаолиятини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантиришга хизмат қилади.

Биринчи "Ватандошлар минтақавий форуми" анъанавий Наврўз байрам дастури билан якунига етди. Дипломатик ваколатхонасида ҳақиқий баҳорий байрам муҳити яратилди. Ўзбекистондан ташриф буюрган таниқли санъаткорларнинг чиқишлари йиғилганларда катта таассурот қолдириши баробарида, юртидан олисда илмий ва меҳнат фаолияти билан шуғулланаётган юрт соғинчида яшаётган ўзбекистонликларга ҳақиқий байрам шукуҳини улашди.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш