Logo

Ленинград вилоятида фаолият юритаётган ватандошлар учун ифторлик ўтказилди

Март 17, 2026. 09:48 • 2 дақ

273
Ленинград вилоятида фаолият юритаётган ватандошлар учун ифторлик ўтказилди

САНКТ-ПЕТЕРБУРГ, 17 март. /“Дунё” АА/. Россиянинг Ленинград вилояти Гатчина муниципал округидаги “ЛенОблКартон” корхонасида меҳнат фаолиятини амалга ошираётган ватандошларимиз учун ифторлик ташкил этилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Ушбу хайрли тадбирга Наманган вилояти “Обид қори ҳожи” жоме масжиди имом-хатиби Илёсхон Собитов фахрий меҳмон сифатида таклиф этилди.

Имом-хатиб мамлакат раҳбариятининг топшириғига биноан муборак Рамазон ойида хорижда бўлиб турган юртдошларимизнинг яшаш ва меҳнат шароитлари билан яқиндан танишиш мақсадида уларнинг ҳолидан хабар олаётганини таъкидлаб, ҳамюртларни Ўзбекистон раҳбарияти номидан муборак ой билан қутлади.

Илёсхон Собитов маънавий қадриятларни асраб-авайлаш муҳимлиги ҳақида сўз юритиб, ватандошларни турли радикал диний оқимларга жалб қилиш, тақиқланган ахборот ресурсларидан фойдаланишдан огоҳлантирди. У Ўзбекистон мусулмонлари идораси қошида диний масалалар бўйича туну кун мурожаат қилиш мумкин бўлган колл-марказ фаолият юритаётганини маълум қилди.

Муборак Рамазон ойи файзи ва баракаси ҳар бир хонадонга кириб, қалбларга меҳр-оқибат, бағрикенглик ва шукроналик туйғуларини улашаётгани қайд этилди. Бу ой – нафақат ибодат, балки инсон қадрини улуғлаш, эҳтиёжмандларга кўмак бериш, жамиятда аҳиллик ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш ойи экани айтиб ўтилди.

Бош консулхона ва Миграция агентлиги ваколатхонаси ходимлари вақтинчалик консуллик рўйхатида ўтиш талаблари, хориждаги меҳнат муҳожирларига кўрсатилаётган моддий ва ҳуқуқий ёрдам юзасидан атрофлича тушунча беришди.

Тадбир якунида Қуръон тиловат қилиниб, юртимиз тинчлиги ва халқимиз фаровонлиги учун дуолар қилинди. Кўтаринки руҳда ўтган ифторлик иштирокчилари хорижда бўлишига қарамай, ўзларини Ватан меҳри ва эътиборида ҳис қилаётгани учун миннатдорлик билдирди.

Default Avatar

Материал муаллифи

Адилбек Каипбергенов

editor1@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш