Logo

Санкт-Петербургда ўзбекистонлик талабалар учун ифторлик ўтказилди

Март 05, 2026. 15:34 • 2 дақ

693
Санкт-Петербургда ўзбекистонлик талабалар учун ифторлик ўтказилди

САНКТ-ПЕТЕРБУРГ, 6 март. /“Дунё” АА/. Санкт-Петербург шаҳрида Наманган вилояти “Обид қори” масжиди имом-хатиби Илёсхон Собитов иштирокида ифторлик ташкил этилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Тадбирда Санкт-Петербург шаҳридаги олий ўқув юртларда таҳсил олаётган ва консуллик тадбирларида фаол иштирок этиб келаётган 20 нафар ўзбекистонлик талаба иштирок этди.

Имом-хатиб Илёсхон Собитов муқаддас Рамазон ойида хориждаги ватандошлар ҳолидан хабар олиш мақсадида давлат раҳбари томонидан юборилганини алоҳида таъкидлади. У ҳалол ва ҳаромни ажратиш, ўзга дин вакилларига нисбатан ҳурматни сақлаш, турли ёд ғоялардан эҳтиёт бўлиш каби масалаларда алоҳида тўхталиб ўтди. Қуръон оятлари ўқилди, саҳиҳ ҳадислардан мисоллар келтирилди.

Юртимизнинг Санкт-Петербург шаҳридаги бош консуллиги дипломатлари муқаддас Рамазон ойини меҳр-оқибат, дўстлик ва шукроналик руҳида ўтказиш, диний-маданий қадриятларни асраб-авайлаш ва мустаҳкамлашга давлатимиз томонидан алоҳида эътибор қаратилаётгани таъкидланди.

Ўз навбатида Санкт-Петербургдаги университетларда иқтисодиёт, технология, дизайн, педиатрия каби йўналишларда таҳсил олаётган талабалар ифторлик ва мазмунли маънавий суҳбат учун миннатдорлик билдирди.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш